Хонободда кулги сайли
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Хонобод шаҳрида ўзбек миллий санъатининг улуғ дарғаларидан бири, бетакрор истеъдод соҳиби, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев таваллудининг 116 йиллигига бағишланиб, “Инсон азиз, хотираси муқаддас” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Хотира ва қадрлаш куни олдидан Андижон вилояти маданият бошқармаси ҳамда Хонобод шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида аскиячи, қизиқчи ва миниатюра театрлари жамоаларининг анъанавий вилоят кўрик-танлови ўтказилди.

Кулги сайлида Сойиб Хўжаевнинг фарзандлари, оила аъзолари, қизиқчилик, аския ва миниатюра санъати ихлосмандлари, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар иштирок этди.

Кўрик-танловда вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги маданият марказлари қошида фаолият юритаётган ёш аския ва қизиқчилик жамоалари, вилоят театрларининг эл ардоғидаги таниқли қизиқчилари ўзларининг истеъдод ва маҳоратларини намойиш этди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, аския йўналишида Қўрғонтепа тумани маданият бўлими қошидаги Абдулҳай махсум Қозоқов номли аския маҳорат мактаби жамоаси, қизиқчилик йўналишида таниқли сўз устаси Ғайрат Аҳмедов, миниатюра йўналишида эса Балиқчи туманидаги “Сўтақози” халқ миниатюра театри жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.


Кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилган иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.