"Хонадон дори қути"лари назоратдан ўтказилмоқда
Сирдарё вилояти Оқолтин тумани тиббиёт бирлашмаси вакиллари, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида ишлайдиган оила шифокори ва патронаж ҳамширалар томонидан назорат тадбири ўтказилмоқда.
Мамлакатимизга Ҳиндистоннинг “Марион Биотеч” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, “Қурамах Медикал” МЧЖ томонидан келтирилган “Док-1 Макс”, “Амбронол” дори воситалари сабаб юзага келган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида "Хонадон дори қутиси"да сақланаётган дори воситалари қайта назоратдан ўтказилди.

Тиббиёт ходимлари ўз ҳудудларидаги хонадонларда бўлиб, “Хонадон дори қутиси”да муддати ўтган, сақлаш қоидалари бузилган, “Док-1 Макс”, “Амбронол” дори воситалари бор-йўқлигини аниқлаб, сақлаш қоидалари бузилган дори воситаларини инсон саломатлигига салбий таъсири тўғрисида тушунтириш олиб борди.

– Бу борадаги ишларни кенг миқёсда ташкил этиш учун туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1 та оилавий поликлиника, 7 та оилавий шифокорлик пунктида фаолият олиб бораётган 14 нафар оила шифокори, 24 нафар тиббиёт биргада аъзолари жалб этилди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ғофур Абдураимов. – Туман ҳудудидаги мавжуд хонадонларнинг 94 фоизи тўлиқ назоратдан ўтказилди. Натижада аҳоли хонадонларида сақланаётган хавфли деб ҳисобланган дори воситалари белгиланган тартибда йиғиб олиниб йўқ қилинди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА