Ҳокимлар ҳамда тармоқ раҳбарларига чет элдан қайтганларга муносиб иш ва шароит яратиб бериш топширилди
Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Йиғилишда миграциядан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йил бошидан буён 1 миллион 116 минг киши миграциядан қайтган. Улар орасида Германия, Буюк Британия, Корея, Япония ва Россияда саноат, қурилиш, логистика, хизмат кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида тажриба орттирган мутахассислар бор.
Президентимиз хорижда йирик саноат корхоналарида ишлаб, замонавий технология ва меҳнат маданиятини ўзлаштирган мутахассислар мамлакатимиз корхоналари учун катта имконият эканини таъкидлади. Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари уларга муносиб иш таклиф қилиб, билим ва тажрибасидан фойдаланиши лозим.
Шу мақсадда чет элдан қайтган фуқароларнинг ишлаган жойи, касби ва стажи акс этадиган платформа яратилиб, ҳокимлар ҳамда тармоқ раҳбарлари фойдаланадиган тизимга уланади.
Йил якунигача қайтган 250 минг кишига мос иш топиш, тадбиркорлик қилишни истаганларга эса йўл-йўриқ кўрсатиб, шароит яратиш вазифаси қўйилди.
ЎзА