Ҳоким ёрдамчисидан бир савол...
Озода Отажонова, Жиззах вилояти Пахтакор тумани "Дўстлик" МФЙ ҳоким ёрдамчиси:
– Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳоким ёрдамчиси томонидан кредит олиш учун тавсиялар берилмоқда. Ушбу тавсияларга кўра берилаётган кредитлар учун маҳаллаларга ўрнатилган ресурслар (лимитлар) қандай шакллантирилади?
Мазкур саволга Марказий банкнинг Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш департаменти бошқарма бошлиғи Турғун Ҳакимов жавоб беради.
– Давлатимиз раҳбарининг ўтган 2021 йил 20 декабрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан 2022 йилда йўналтириладиган 10 триллион сўм маблағларнинг 7 триллион 620 миллиард сўми аввал берилган кредитларнинг қайтарилиши ҳисобидан ажратилади.
Шу сабабли қарорнинг 11-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарларига тижорат банклари билан биргаликда дастурлар бўйича ажратилган кредитларнинг уларни сўндириш графигига мувофиқ белгиланган муддатларда қайтарилиши вазифаси юклатилган.
Агар ҳудудларда ушбу кредитларни сўндириш графиги ижроси таъминланмаса, айнан ўша ҳудудларда ҳар ойлик кредитлаш ҳажмлари кредитларни сўндириш графиги ижросининг бажарилмаган миқдорига мос равишда камайтирилиши белгиланган.
Қарордан келиб чиқиб, жорий йилда бериладиган кредитларнинг асосий қисми аввал берилган кредитларнинг қайтарилиши ҳисобига берилади, агар кредитлар ўз вақтида сўндирилмаса, қайтмаган қисмига мос равишда кредит ажратиш имконияти чекланади.
Шунга кўра, ҳар бир МФЙ бўйича аввал берилган кредитларнинг сўндирилган қисми ҳоким ёрдамчиси тавсиясига кўра дастурлар доирасида янги қарз олувчига ажратиладиган кредитлар бўйича ресурслар (лимитлар)нинг асосий манбаси ҳисобланади.
Дастурлар доирасида ресурс (лимит) маблағлари етарли бўлмаган тақдирда платформа орқали бу ҳақда масъул ҳоким ўринбосари раҳбарлигидаги туман (шаҳар) ҳамда ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказига маълумот берилади. Бу МФЙ жойлашган туман ёки шаҳарда олдинги имтиёзли кредитлардан қайтарилган маблағ ҳажми мавжуд тавсияномалар бўйича янги имтиёзли кредитларни ажратиш учун етарли эмаслигини билдиради.
Ўз навбатида илгари ажратилган кредитлар сўндирилиши ҳисобига ресурслар шаклланиши билан ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига асосан платформада дастлаб автоматик тарзда қайд этилган навбат асосида кредит ажратиб берилади.
Муҳайё Тошқораева,ЎзА