Ҳоким ёрдамчисидан бир савол...
– Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига қандай ёрдам турлари мавжуд?
– Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга яшовчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 мартдаги “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжатга асосан, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномаси билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “дафтарлар”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам пуллари ва йўлланмалар беришда “Labor migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтганлиги инобатга олинади.
Талабгорлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига “Labor migration” дастурий мажмуаси орқали электрон мурожаат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА