Ҳоким ёрдамчилари малака оширади
Президентимизнинг 2021 йил 3 декабрдаги қарорига асосан, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш мақсадида 2022 йил 1 январдан эътиборан бутунлай янги тизим – ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда.
Шу муносабат билан Давлат бошқаруви академиясида малака оширган 150 нафар Республика тренери икки ҳафта давомида вазирликлар ва идораларнинг вилоят, туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарларидан иборат 2 минг 526 нафар ҳудудий тренерни тайёрлаш мақсадида семинар-тренинглар олиб борди.

Жорий йил 30 ноябрь – 4 декабрь кунлари 17 та вазирлик ва идорадан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоятида ҳоким ёрдамчиларини ўқитадиган 169 нафар тренер учун ўқув ва амалий дарслар ўтказилди.
Вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасидан маълум қилишларича, ўқув натижалари бўйича Республика тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилиб, якунда барча тренерлар тест синовларидан муваффақиятли ўтди. Уларга сертификатлар тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур жараёнларнинг кейинги босқичларида муваффаққиятли малака оширган тренерлар томонидан вилоятдаги мавжуд 777 та маҳалла фуқаролар йиғинлари учун танлаб олинадиган ҳоким ёрдамчиларини ўқитиш вазифаси белгиланган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА