Ҳоким янги мактабда мустақиллик дарсини ўтди
Бу йил янги ўқув йилига Наманган шаҳридаги Амир Темур номидаги маҳалла ўғил-қизлари учун муносиб туҳфа ҳозирланди. 1933 йилда ташкил топган 22-сонли умумтаълим мактабининг абгор ҳолдаги эски биноси ўрнида янгидан қурилган замонавий ўқув даргоҳи қад ростлади.
Қарийб 90 йилдан бери эътибордан четда қолиб кетган мазкур мактабда Инвестиция дастури доирасида амалга оширилган 11 миллиард 995 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари натижасида 540 ўринли замонавий ўқув биноси ва 12х24 ҳажмдаги спорт зали барпо этилиб, ўқувчилар ихтиёрига топширилди.

Энерготежамкор лойиҳа асосида қурилган мактабда ўқувчилар учун барча шароитлар яратилди. Эски парталар, эскириб кетган буюмлар ўрнига халқаро таълим стандартларига жавоб берадиган ўқув технология воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланди. Ўқув дарсликлари ва бадиий адабиётлардан иборат 1800 китоб фондига эга бўлган кутубхона, Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган “Ёш журналистлар мактаби” ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ақлий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз мадҳияси янгради. Илк дарсни тантанали очилиш маросимида қатнашган Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов мактабнинг 11-синф ўқувчилари учун “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” мавзуида Мустақиллик дарси билан бошлаб берди.

Мустақиллик дарсида фаол иштирок этган иқтидорли ўқувчиларга бадиий китоблар тўплами, мактаб остонасига эндигина қадам қўйган 96 нафар 1-синф ўқувчисига 12 турдаги дарслик ва ўқув қуролларидан жамланган Президент совғалари тақдим қилинди.
Маълумот учун, мазкур мактабда шу маҳаллада туғилиб ўсган оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида шоир ижодини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Мактабнинг шундоқ ёнгинасида шоирнинг уй-музейи ва маҳалла кутубхонаси бунёд этилмоқда.

- Мактабимизни тубдан ўзгариб, янги қиёфага кирганидан хурсандмиз, ёруғ ва шинам хоналарда набираларимни кўриб, дилларимиз яйради, - дейди меҳнат фахрийси Ҳусанбой Азизов. - Биз бундай шароитларни орзу қилганмиз. Битта партада ҳатто тўрт ўқувчи ўтирганмиз. Бугунчи? Фарзандларимиз биздан кўра кучли ва билимли бўлишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Эндиги вазифамиз, биз, фахрийлар, ота-оналар ўғил-қизларимизни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари, Ватанимизга содиқ фарзандлар сифатида етишишида муаллимларга яқиндан кўмакдош бўлишимиз керак.
Жорий йилда Наманган шаҳрида иккита умумтаълим мактабида қайта қурилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу мақсадлар учун 22 миллиард 695 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Ташаббусли бюджет портали орқали 18 та мактабда 10 миллиард сўмдан ортиқ маҳаллий бюджет маблағлари эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА