Ҳоким хонадонда ташкил этилган музей ва кутубхонага ташриф буюрди
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Янгиер шаҳридаги Абдуқул Маматов ва Бону Маматова хонадонига ташриф буюриб, бу ерда ташкил этилган уй-музей ва кутубхона фаолияти билан танишди. Ташриф якунида вилоят ҳокими кутубхонани янада ривожлантириш мақсадида китоблар жамланмаси ҳамда кутубхона учун кондиционер совға қилди.
Маматовлар хонадони бугун нафақат Янгиер шаҳри, балки бутун Сирдарё вилоятида китобхонлик, тарихий мерос ва миллий қадриятларни асраб-авайлашга хизмат қилаётган ўзига хос маърифат маскани сифатида танилган. Оддий хонадонда XVI–XVIII асрларга оид осори-атиқалар, ноёб қўлёзмалар, турли даврларга мансуб экспонатлар ҳамда ўзбек, тожик, форс ва рус тилларидаги 3000 дан зиёд китоб жамланган.
Ташриф давомида вилоят ҳокими уй-музей экспозицияси билан танишиб, тарихий меросни сақлаш ва ёш авлодга етказиш борасидаги оиланинг ташаббусини юксак баҳолади. Экспонатлар орасида ўзбек ва жаҳон бокси афсонаси Руфат Рисқиев томонидан тақдим этилган бокс қўлқопи, биринчи космонавт Юрий Гагарин дастхати туширилган керамика буюм, шунингдек, турли даврларга оид фотосуратлар ва санъат асарлари алоҳида эътиборни тортди.
Беш йил аввал Маматовлар оиласи умра зиёрати учун йиғилган маблағни Президентнинг беш муҳим ташаббуси доирасида ёшлар маънавиятини юксалтиришга йўналтиришга қарор қилди. Шу асосда хонадонда кутубхона барпо этилиб, мусиқа, рассомчилик, адабиёт ва бошқа ижодий йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил этилди. Бугун бу маскан китобхонлар, ўқувчилар ва ёшлар учун мунтазам маънавий-маърифий учрашувлар ўтказиладиган даргоҳга айланган.
Хонадонда ўзбек ва тожик халқларининг юз йиллик амалий санъат намуналари — кашта, зардевор, сўзана ва бошқа ноёб буюмлар ҳам сақланмоқда. Улар миллий ҳунармандчилик анъаналарини тарғиб этиш ва келажак авлодга етказишга хизмат қилмоқда.

Асли касби ҳайдовчи бўлган Абдуқул Маматов ва кутубхоначи Бону Маматова Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодининг фидойи тарғиботчилари ҳисобланади. Улар ҳар йили буюк мутафаккирлар таваллуди муносабати билан адабий-маърифий кечалар ташкил этиб, ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ташриф якунида Эркинжон Турдимов хонадоннинг ташриф китобига эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.
— Абдуқул аканинг хонадонида тарих, маданият ва миллий қадриятларимизга бўлган юксак эҳтиромни кўриб чексиз мамнун бўлдим. Бундай маърифат масканлари ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Хонадон аҳлига соғлиқ, бахт ва омад тилайман, — деб ёзди вилоят ҳокими.
Янгиердаги ушбу уй-музей бугун ўтмиш билан бугунни боғловчи, китобхонликни тарғиб қилувчи ва миллий меросни асрашга хизмат қилаётган ноёб маънавият масканларидан бири сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири