Ҳоким қабулида мурожаатларнинг 75 фоизи амалий ечим топди
Тошкент шаҳрида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга бағишланган шахсий қабулнинг иккинчи куни бўлиб ўтди.
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Президент Администрацияси раҳбари қабулига киришни сўраган фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилди.
Қабул давомида 100 нафарга яқин фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Улар фуқаролар ва уларнинг фарзандларини даволаш, уй-жой билан таъминлаш, субсидия ажратиш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни қамраб олди.

Қайд этилганидек, ҳар бир мурожаат ортида инсон саломатлиги, оила фаровонлиги ва яқинларининг келажаги билан боғлиқ муайян ҳаётий вазият турибди. Шу сабабли ҳар бир масала фуқаронинг ҳолати, эҳтиёжи ва мавжуд имкониятлар ҳисобга олинган ҳолда индивидуал тартибда кўриб чиқилди.

Иккинчи кунда кўриб чиқилган мурожаатларнинг 75 фоизи қабул давомидаёқ амалий ечим топди. Шу билан бирга, биринчи кун якунлари бўйича ишлар ҳам давом эттирилди. Жумладан, кеча ҳал этилган масалаларга қўшимча равишда, батафсил ўрганишни талаб қилган яна 10 та мурожаат ижобий ҳал қилинди.

Қўшимча ўрганиш ва идоралараро ҳамкорликни талаб қиладиган масалалар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар берилиб, ижро муддатлари белгиланди. Барча мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва якуний ечимга етказилиши назоратга олинди.

Таъкидланганидек, фуқароларни бевосита тинглаш, уларнинг муаммоларига амалий ечим топиш ва зарур кўмакни ўз вақтида кўрсатиш давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган инсон манфаатларини таъминлаш сиёсатининг муҳим тамойилидир.
Гулноза Бобоева,ЎзА