Ҳоким афв этилганлар билан учрашди
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан имзоланган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига кўра, 13 нафар бухоролик ҳам афв этилган эди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари ва тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддилари афв этилган фуқаролар билан учрашди.

Учрашувда афв этилганларнинг ҳар бири билан алоҳида мулоқот қилинди. Улардан ҳол-аҳвол сўралиб, келгусидаги режалари билан қизиқилди. Ижтимоий ҳаётга мослашиб, жамиятда муносиб ўрин топиши имкониятлари ўрганилди.
Афв этилганлар билан суҳбат асносида секторлар раҳбарлари билан собиқ маҳбусларнинг ижтимоий-тиббий реабилитацияси, уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Афв этилган кишиларга бундан буён халқимиз ва Президентимизнинг ишончини оқлаб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, жамиятда ўз ўрнини топиши, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши кераклиги уқтирилди.
Жазодан озод этилганлар қилган ишларидан пушаймонлигини таъкидлаб, билдирилган ишонч учун халқимизга, ҳукуматимизга миннатдорчилик билдирди. Бундан буён ҳалол ишлаб, оиласига ва юртимизга наф келтиришга ваъда берди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири