Ходимлар пахта теримига мажбурий чиқариляптими?
Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Беруний туманида касб-ҳунар мактаблари ходимлари мажбурий пахтага чиқариляпти” деган хабарга Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида мамлакатимизда етиштирилаётган пахта жаҳон бозорларида ўз ўрнига эга бўлди. Ўзбек пахта хом ашёсига қўйилган байкотнинг олиб ташланиши жаҳондаги йирик фирма ва брендларнинг яна Ўзбекистон бозорига кириб келишини шунингдек, пахта хом ашёсининг жаҳон бозорига чиқишини таъминлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилган.
2022 йил ҳосили учун Беруний туманида 9 минг 200 гектар майдонга пахта экилган бўлса, уни териб олиш жараёнига уйида бўш ўтирган, доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли ва ёшлар жалб этилган. 1 килограмм пахта 2000 сўм қилиб белгиланган ва ҳозирда аҳоли пахта теришдан манфаатдор. Ҳар куни рағбатлантириш, 100 килограмдан терганлар рағбатлантириляпти. Фермер хўжаликлари томонидан транспорт воситалари, тушликда иссиқ овқат ташкил этилган ва терим пуллари ўз вақтида берилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА