Хизмат кўрсатиш сердаромад соҳага айланмоқда
Бутун дунёда хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланмоқда.
Мамлакатимизда ҳам хизматлар кўрсатиш ҳажми ва сифати йилдан йилга юксалмоқда. Бу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сафи кенгаяётир.
Хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, ушбу йўналишдаги истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашда тижорат банклари, хусусан «Ўзмиллийбанк» АЖ нинг ўрни катта. Буни «Ўзмиллийбанк» АЖ Шаҳрисабз филиали фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Мазкур филиал 1991 йил 7 сентябрда ташкил топган. Шаҳрисабз шаҳри аҳолисига сифатли банк хизматларини тақдим этмоқда. Филиал томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманида катта майдонларда интенсив боғлар, йирик сиғимли замонавий музлатгичлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари, умумий овқатланиш масканлари ташкил этилди. Умумий маънода охирги уч йилда вилоятда 47 та жами 94 миллиард 822 миллион сўмликдан зиёд йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари молиялаштирилди.
Таъкидлаш лозимки, «Ўзмиллийбанк» АЖ Шаҳрисабз филиали томонидан молиялаштирилган лойиҳалар натижасида вилоятда 772 дан ортиқ фуқаро бандлиги таъминланган.
[gallery-7110]
– Филиалмизда жами 36 мингдан ортиқ мижозга хизмат кўрсатилади, – дейди «Ўзмиллийбанк» АЖ Шаҳрисабз филиали бошқарувчиси Самандар Байназаров. – Шундан 34,4 мингтаси жисмоний шахслар ва яна 2 мингдан ортиғи юридик шахслар ҳисобланади. Тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 5 та банкомат, 2 та инфокиоск, 255 та савдо терминаллари дислокация қилинган. Бундан ташқари, аҳолига валюта амалиётларида қулайликлар яратиш мақсадида филиал ҳудудида 1 та валюта айирбошлаш шохобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи шохобча шаҳар ва туман фуқароларига ҳамда ташриф буюрган меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда.
Банк филиалида замонавий инновацион банк хизматлари кўрсатилишига алоҳида аҳамият қаратилган. Банк мижозларининг 21 фоизи масофадан бошқариладиган банк хизматларидан фойдаланмоқда. Бунда ҳисобрақамларда банк айланмаларини амалга ошириш, он-лайн кредит расмийлаштириш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда ҳар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларни амалга ошириш, омонат расмийлаштириш амалиётлари, хорижий валюталарда конверцион амалиётлар, пул ўтказмалари каби банк хизматларидан масофадан фойдаланиш мумкин.
Шаҳрисабз тумани асосан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда боғдорчиликка ихтисослашган. Боғдорчилик ва сабзавотчилик туманнинг асосий драйверига айланган. Бугунги кунда вилоят Иқтисодий кўрсаткичларида хизматлар соҳасининг улуши ҳам жадал суръатларда ошиб бормоқда. Мазкур йўналишда туманда 2 мингдан зиёд корхона айнан сервис соҳасида фаолият олиб боряпти.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА