Хива – Туркий дунё ёшлар пойтахти – 2026
Қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида “Туркий дунё ёшлар пойтахти – 2026” лойиҳаси доирасидаги икки кун давом этган халқаро ёшлар форуми якунланди.
Форумда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ёшлар сиёсати учун масъул давлат идоралари ҳамда жамоат ташкилотларининг расмий делегациялари иштирок этди.
Жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида ўтказилган “Туркий дунё ёшлар пойтахти – 2025” ёшлар форумининг расмий ёпилиш маросимида мазкур эстафетанинг рамзий калити мамлакатимиз вакилларига тақдим этилди.
Хива шаҳрининг “Туркий дунё ёшлар пойтахти – 2026” эга бўлиши ҳам бежизга эмас. Чунки, кўп асрлик тарих ва бой маданий меросга эга Хива туркий халқларни бирлаштириб турадиган муштарак қадриятларнинг ёрқин тимсолидир.
Тантанали очилиш маросимида Хиванинг ушбу мақомни қўлга киритиши Ўзбекистонда ёшлар сиёсатининг янги босқичга чиққанидан далолатдир.
“Туркий дунё ёшлар пойтахти” – туркий давлатлар ёшларини бирлаштирувчи стратегик платформа бўлиб, ёшлар ўртасида тажриба алмашиш, ижодий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда умумий қадриятларга асосланган барқарор ва келажакка йўналтирилган алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– 2025 йил 16-17 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг Ёшлар ва спорт ишлари бўйича вазирларининг IX йиғилиши доирасида 2026 йилда “Туркий дунё ёшлар пойтахти” лойиҳасига Ўзбекистон Республикаси мезбонлик қилиши тўғрисида қарор қабул қилинган, – дейди Туркия Республикаси Ёшлар ва спорт вазирлиги департамент бошлиғи Ҳасан Урҳан. – Лойиҳанинг асосий мақсади дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсадида туркий давлатлар ёшларини Ўзбекистонда бирлаштириш, уларнинг етакчилик, тадбиркорлик ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш учун самарали халқаро мулоқот платформасини яратишдан иборат.
Форум шунчаки маданий учрашув эмас, балки туркий тилли давлатлар ёшларининг келажак пойдеворини қурувчи йирик стратегик платформадир. Унинг кун тартибидан рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби энг долзарб масалалар ўрин олди.
– Хивага биринчи бор келишим, – дейди форум иштирокчиси Бахтигул Айталиева (Қирғиз Республикаси). – Ушбу гўзал шаҳарнинг пойтахт сифатида танланганлигини энди тушундим. Менда жуда катта таассурот қолдирди. Форум доирасидаги конференцияда ёшларни бузғунчи таъсирлардан ҳимоя қилиш стратегиялари бўйича тажриба алмашдик. Замонавий таҳдидларга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилдик.
Форум доирасида Туркий дунё ёшлари ўртасида экологик таълим ва барқарор “яшил” амалиётлар бўйича қўшма чора-тадбирларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади.
– Конференцияда минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш борасида Ўзбекистонда жуда катта лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани ҳақида маълумот олдик, – дейди форум иштирокчиси Наргиз Исмайилли (Озарбайжон). – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси шулар жумласидандир. Бугунги ёшларнинг экологик таълимига бағишланган конференция параллел равишда ташкил этилиб, экологик таълим, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва “яшил” кун тартибини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур “Хива – Туркий дунё ёшлар пойтахти – 2026” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар шунинг билан тугамади. Ҳали яна Хивада ўтказиладиган кўплаб муҳим форум ва конференциялар бор. Бу эса туркий дунё ёшлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ҳамда йигит-қизларнинг тадбиркорлик, етакчилик ва инновацион салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
[gallery-31928]
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда “Туркий дунё ёшлар пойтахти” лойиҳасига илк бора мамлакатимизнинг Бухоро шаҳри муваффақиятли тарзда мезбонлик қилган эди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари