Хитойнинг йирик компаниялари вакиллари билан учрашув
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Хитой Халқ Республикасининг йирик компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Guangdong Feifanhaimei Media Cо., Ltd компанияси бош директори (CЕО) Чен Чухун, Guangdong Yuanquan Biology Co., Ltd компанияси бош директори (CЕО) Др. Хе Линюй, компаниянинг халқаро директори Рей Чжен, маркетинг бўйича директор Чжо Сзюншен ва логистика бўйича директор Ли Личжи иштирок этди.

Ташриф доирасида меҳмонлар университет ректори Б.Жоллибеков билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашишди. Мулоқот давомида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, айниқса, доривор ўсимликларни ўрганиш, уларни қайта ишлаш ва амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар бу борада қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, конференциялар ўтказиш, тажриба алмашиш, талабалар ва ёш олимлар учун стажировкалар ташкил этиш ҳамда инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш бўйича истиқболдаги режаларни муҳокама қилдилар.
Ушбу ташриф университетнинг халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда илм-фан ва инновациялар соҳасида янги имкониятлар эшигини очиши билан аҳамиятли бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.