Хитойда VII жаҳон медиа саммити ўтказилмоқда
Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида VII Жаҳон медиа саммити ўз ишини бошлади. “Интеллектуал асрда медиа: ҳамфикрликдан амалий ҳаракатга” мавзусида ташкил этилган нуфузли халқаро анжуманда дунёнинг 112 мамлакат ва минтақасидан 330 га яқин оммавий ахборот воситаси, таҳлил маркази, давлат идораси ва ахборот агентликларининг қарийб 500 нафар вакили иштирок этмоқда.
Хитойнинг “Синьхуа” давлат ахборот агентлиги ва Пекин шаҳар халқ ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган йиғинда замонавий журналистиканинг истиқболлари, сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш, ахборот ишончлилигини таъминлаш, глобал хавфсизлик шароитида медиа мулоқотини ривожлантириш ҳамда халқаро ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан “Синьхуа” давлат ахборот агентлиги вице-президенти Хо Сяогуан сунъий интеллект жамият ҳаёти, ишлаб чиқариш жараёнлари ва билимларни шакллантириш усулларини тубдан ўзгартираётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, янги технологиялар анъанавий оммавий ахборот воситалари учун кенг имкониятлар яратиш билан бирга, муайян муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Шунингдек, у қўшма журналистик лойиҳалар ва янги технологиялар орқали турли цивилизациялар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш муҳимлигини билдирди.
Саммит доирасида ўтказилган “Интеллектуал медиани ривожлантириш” тадбирида ҳам ахборот агентликлари раҳбарлари замонавий медиа маконидаги ўзгаришлар ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Хусусан, Индонезиянинг “ANTARA” ахборот агентлиги раҳбари Абдул Ҳаким ўз чиқишида ахборот агентликлари ўртасидаги шерикликни учта устувор йўналишда ривожлантириш таклифини илгари сурди.
Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект турли тиллардаги материалларни таржима қилиш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил этиш ва хабарларни жаҳон аудиториясига тезкор етказиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бироқ сохта ахборотлар, ўзгартирилган тасвирлар ва сунъий яратилган материаллар ҳақиқий воқеликни сохта маълумотлардан ажратишни қийинлаштирмоқда.
Саммитда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов “Глобал хавфсизлик муаммолари шароитида медиа мулоқоти ва ҳамкорликда ривожланиш” мавзусида нутқ сўзлади.

ЎзА раҳбари бугунги мураккаб халқаро вазиятда оммавий ахборот воситаларининг масъулияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, геосиёсий зиддиятлар, минтақавий можаролар, иқлим ўзгариши, иқтисодий беқарорлик ва киберхавфсизликка таҳдидлар шароитида журналистика нафақат воқеалар ҳақида хабар бериши, балки жамиятда ишончни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро англашувни таъминлаш ва тинчликка хизмат қилиши лозим.
– Ахборот одамлар ўртасида девор эмас, кўприк қуриши лозим, -деди А.Кўчимов ўз нутқида. – Медиа майдони қарама-қаршиликларни чуқурлаштириш эмас, турли нуқтаи назарларни эшитиш, ўзаро ҳурмат ва мулоқот маданиятини ривожлантириш макони бўлиши зарур.

Агентлик раҳбари Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, очиқлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ташқи сиёсат ҳақида ҳам тўхталди. Айниқса, Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва минтақавий ҳамжиҳатликнинг мустаҳкамланиши мулоқот орқали умумий манфаатларга эришиш мумкинлигини кўрсатаётганини қайд этди.
Конференцияда шунингдек, Корея Марказий ахборот агентлиги вице-президенти Пак Кванчхол, Қозоғистоннинг “Qazcontent” АЖ Бош директори Адил Сейфуллин, Жазоирнинг “The Youth Independent” газетаси Бош муҳаррири Камел Мансари, Россиянинг “Известия” газетаси Бош муҳаррири Сергей Коротеев ва бошқа халқаро медиа вакиллари маъруза қилди.

Анжуман доирасида сунъий интеллект асосида яратилган бионик гуманоид робот-бошловчилар намойиш этилгани, шунингдек, мобил журналистика ва медиа контентнинг ҳаққонийлигини текширишга қаратилган тадқиқот ташаббуси тақдим этилгани ҳам эътиборга молик.
Мазкур технологик янгиликлар сунъий интеллект журналистика соҳасига жадал кириб келаётганини, айни пайтда ахборотнинг ишончлилигини таъминлаш ва таҳририят масъулиятини кучайтириш масаласи янада долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатади.

Жаҳон медиа саммити 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган давр мобайнида халқаро ахборот майдонида профессионал мулоқот, тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим платформалардан бирига айланди.
Саммит 9 ноябрга қадар давом этади.
Ўткир Алимов, ЎзА