Хитойда туғилиш кескин камайди
Хитой аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил камайди. Давлат статистика бошқармаси маълумотига кўра, 2025 йил мамлакат аҳолиси сони 3,39 миллионга қисқариб, 1,404 миллиардни ташкил этди. Ҳисоботга фақат материк Хитой киритилган.
Ўтган йил Хитойда 7,92 миллион бола дунёга келиб, 11,31 миллион одам вафот этди. Туғилиш ҳар минг кишига 5,63, ўлим эса 8,04 нисбатни ташкил қилди. Бу 1949 йилдан буён қайд этилган энг паст манфий кўрсаткич. Бошқача айтганда, Чин юрти нуфуси ўтган йилга нисбатан қарийб 17 фоиз камайган.
Мутахассислар айни ҳолатга кўп йил амал қилган "бир оила — бир бола" сиёсати ҳамда урбанизация жараёни сабаб бўлганини таъкидламоқда. Туғилишни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳозирча кутилган самарани бермаяпти. Яқин ўн йилликда қарийб 300 миллион киши нафақага чиқиши кутилаётгани мамлакат иқтисодиёти учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Шу сабаб ҳукумат туғилишни оширишга қаратилган чораларни кучайтирмоқда. Жумладан, уч ёшгача бўлган ҳар бир бола учун йилига 3,6 минг юань миқдорида тўлов жорий этиш ҳамда никоҳ ёшини пасайтириш таклифи илгари сурилган.
Шунга қарамай, 2025 йил барқарорликни сақлаб қолган ХХР иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот 5 фоиз ўсди. Хитой аҳоли сони бўйича етакчиликни эса 2023 йил Ҳиндистонга бой берган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА