Хитойда кексалар болалардан кўп
Хитой тарихида илк бор меҳнатга лаёқатли аҳоли зиммасига тўғри келадиган кекса инсонлар улуши болалардан ошиб кетди. Расмий маълумотга кўра, 2025 йил 65 ёшдан ошган аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатламга нисбати 23 фоизни ташкил этган. 14 ёшгача болалар кўрсаткичи эса 22 фоизга тенг бўлган.
Айни пайт мамлакатда 65 ёшдан ўтган 223 миллиондан зиёд киши яшайди. Бу умумий аҳолининг қарийб 16 фоизи, дегани. Болалар сони эса 213 миллион атрофида. Мутахассислар демографик ўзгаришни аҳоли қариши, туғилиш даражаси пасайиши ва бир фарзанд сиёсати оқибати билан изоҳламоқда. Айни жараён пенсия, тиббий хизмат ва узоқ муддатли парвариш сарфини ошириб, иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатиши мумкин.
Хитой ҳукумати ёш оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантириш ва кексаларни қўллаб-қувватлаш чорасини кучайтирмоқда. Фақат оила қуриш харажати, ҳаёт қиймати ошиши ва ижтимоий ўзгариш туғилиш кўрсаткичи тикланишини қийинлаштирмоқда. Айрим экспертлар эса қарамлик коэффициенти кекса инсонларни фақат боқиманда сифатида кўрсатиб, уларнинг жамиятдаги фаол иштирокини, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқларни етарли даражада ҳисобга олмаслигини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА