Хитой ва АҚШ баёнотлари
Хитой ҳукумати АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси ва унинг оила аъзоларига Тайванга “провокацион ташрифи” учун санкция жорий қилади.
Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлигида ўтган брифингда айтилди.
“Спикернинг провокацион ҳаракати муносабати билан Хитой томони давлатнинг тегишли қонунчилигига мувофиқ, Пелоси ва унинг оила аъзоларига нисбатан санкция чораларини қўллашга қарор қилди”, дейилади матбуот хабарида.
Камбожада бўлиб турган АҚШ Давлат департаменти котиби Энтони Блинкен фикрича, Хитой Пелоси ташрифидан сўнг ҳарбий машқ бошлаб, нафақат Тайвань, балки Осиёнинг бошқа давлатларини ҳам қўрқитишга уринмоқда. “Қўшма Штатлар вазиятдан тўғри хулоса чиқариб, иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда”, деди у.
ЎзА