Хитой тажрибаси ўрганилмоқда
Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Дилмурод Абдураҳмонов бошчилигидаги вилоятда фаолият юритаётган етакчи кластер раҳбарларидан иборат делегация Хитойнинг Шинжон-уйғур автоном районида бўлиб қайтди.
Сафардан кўзланган мақсад ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қишлоқ хўжалигида билим ва тажрибаларни ўрганишдан иборат эди. Делегация аъзолари ташрифнинг дастлабки куни “Boshiran” компаниясининг қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси фаолияти, инновацион усулда етиштирилаётган пахта даласи билан танишди.

Мулоқот давомида ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари ва компаниянинг инновацион усулда пахта етиштириш тажрибасини Сирдарё вилоятида жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, 50 та замонавий, юқори самарали пахта териш машинаси, 20 тадан дискли тиргак (борона), чигит экиш сеялкаси ва юқори унумли ҳайдов тракторини харид қилиш бўйича шартномалар имзоланди.

Шу куннинг ўзида 18 та пахта териш машинаси Ўзбекистонга юборилди.
Ш.Суяров,
ЎзА мухбири