Хитой – Марказий Осиё қўшма лабораториясини яратиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди
Ханчжоу шаҳрида «Хитой – Марказий Осиё тўқимачилик университетлари альянси» ҳамда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида «Қадимий ва замонавий Ипак йўли» Хитой–Марказий Осиё қўшма лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, шунингдек, республикамизнинг тўқимачилик соҳасидаги етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот институтларидан иборат делегация иштирок этган тадбирда Хитой ва Марказий Осиё тўқимачилик университетлари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма илмий лаборатория ташкил этишга қаратилган расмий ҳужжатлар имзоланди. Соҳа мутахассисларининг илмий маърузалари тингланиб, кенг қамровли академик муҳокамалар ташкил этилди.

Таъкидланишича, қўшма лаборатория инновацион технологиялар соҳасида фаолият олиб бориш билан бирга тадқиқотчилар ва талабалар учун илғор илмий лойиҳаларда иштирок этиш, тажриба алмашиш ҳамда янги илмий ечимларни ишлаб чиқиш имкониятларини кенгайтириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Марказий Осиё томони вакили сифатида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори Бахтиёр Насимов қўшма лаборатория директори лавозимига тайинланди.

Шербек Исломов, ЎзА