Хитой компанияси Қўқон давлат университети билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга оширади
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг «Shaanxi Foreign Economic & Trade Construction Group Co., Ltd.» (SFETCG) компанияси раҳбари Син Сзянбанг бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган мулоқотда таълим ва туризм соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур компания Қўқон давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, бир қатор лойиҳа таклифларини ишлаб чиққан. Учрашувда илғор тажриба ва замонавий илмий ёндашувлар асосида Қўқон шаҳрининг туризм салоҳиятини ошириш, шунингдек, университет билан тиббиёт ва инклюзив таълим соҳаларида шерикликни йўлга қўйиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни аниқ лойиҳалар асосида изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Маълумот учун, «SFETCG» — Хитойнинг Шэнси провинциясида ташкил этилган йирик давлат компанияси бўлиб, халқаро қурилиш, муҳандислик ва ташқи савдо йўналишларида фаолият юритади. Компания Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон бозоридаги иштирокини изчил кенгайтириб бормоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА