Хитой Халқ Республикасининг Ляонинг педагогика университети филиали ташкил этилади
Мамлакатимизда олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида бир қанча вазифалар белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 октябрдаги “Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикасининг Ляонинг педагогика университети филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Хоразм вилоятида Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ташкил этилади.
Таълим жараёни 2026/2027 ўқув йилидан бошланади ҳамда ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида олиб борилади. Ўқиш кундузги ва муқобил таълим шаклларида ташкил этилади. 2030/2031 ўқув йилига қадар ўқишга қабул қилинган талабалар ўқишнинг бутун даври давомида тўлиқ давлат гранти асосида ўқитилади.
2030/2031 ўқув йилидан бошлаб қабул параметрларининг 30 фоизи давлат гранти асосида шакллантирилади. Филиал талабаларининг амалиётлари ўқув режаларига мувофиқ ҳудуддаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида, жумладан, дуал таълим асосида йўлга қўйилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА