Хитой билан ҳамкорлик янада ривожланади
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва Хитой тадбиркорлар ассоциацияси президенти Хе Жен Вей ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят раҳбари мамлакатимиз, жумладан, Бухоро вилоятидаги қулай сармоявий муҳит, хизмат кўрсатиш, саноат, туризм, ижтимоий ривожланиш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида тўхталди. Шунингдек, хитойлик сармоядорлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши кутилаётган йирик истиқболли сармоявий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида Хе Жен Вей Хитой тадбиркорлар ассоциацияси таркибидаги компаниялар, уларнинг фаолият соҳаси ҳақида маълумот берди. Бухороликлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ва вилоят иқтисодиётига сармоя киритишдан манфаатдор эканини билдирди.
Ботир Зарипов хитойлик тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

Учрашув якунида ҳудудлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга имкон берадиган ҳамда уларнинг иқтисодий тараққиётига қўшимча суръат бағишлайдиган амалий саъй-ҳаракат ва ташрифларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.