Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти кўриб чиқилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг видеокоференцалоқа шаклида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқди.
Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Туробов ҳисобот берди.
Ҳисоб палатаси фаолиятини Президентимизнинг фармон, қарорлари ва топшириқларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширган. Давлат бюджети параметрларининг шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини ҳар томонлама таҳлил қилиш, қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг аудитини рўёбга чиқаришга қаратган.
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан 2020 йилда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 671,3 миллиард сўмлик ноқонуний харажат, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 1 триллион сўмдан ортиқ харажатларни оптималлаштириш имкониятлари аниқланган.
Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар сарфланиши устидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда доимий назорат ўрнатилиб, аниқланган 23,8 миллиард сўмлик камомад ва ноқонуний харажатлар ҳамда ортиқча молиялаштирилган 8,4 миллиард сўм маблағлар жамғармага қайтарилган.
Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда уставида давлат улуши бўлган корхоналарнинг 2019 йилда олинган фойдасидан давлат бюджетига 4,8 триллион сўм дивидендларнинг ўтказилиши ҳисоб-китоб қилиниб, уларни тегишли бюджетларга жалб қилиниши таъминланган.
Мажлисда Ҳисоб палатасининг замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни ҳамда илғор назорат усулларини қўллаган ҳолда бюджет даромадлари тўлиқлигини таъминлаш, мавжуд имконият ва захиралар эвазига бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини ишга солиш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларини тўлиқ шакллантириш ва самарали ишлатишга қўшаётган салмоқли ҳиссаси, шунингдек, аниқланаётган тизимли молиявий хато ва камчиликларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф қилиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли органларга ўз вақтида киритилаётгани ижобий баҳоланди.
Шу билан бирга, депутатлар ҳисоботда келтирилган тизимли молиявий ҳуқуқбузарликлар, хато ва камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, бюджет даромадларини кўпайтириш имкониятларини излаш, мавжуд захираларни ишга солиш, яратилган шароит ва дастаклардан оқилона фойдаланиш ўрнига давлат бюджетидан берилган маблағларни мақсадсиз ва самарасиз сарф қилиниши ва бюджет маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилишига йўл қўйилаётгани, марказий ҳамда маҳаллий идоралар мутасаддиларининг ушбу муҳим масалага эътиборсизлик қилаётгани ва бошқа камчиликлар депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.
Айниқса, Халқ таълими вазирлиги муассасаларида 192,2 миллиард сўмлик молиявий хато, камчилик ва ўзлаштиришлар аниқланган.
Муҳокамаларда депутатлар ҳисоботда келтирилган халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда муаммолар мавжудлиги ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабабларига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010-2019 йилларда якунланган умумий қиймати 12,6 миллиард АҚШ долларлик 81 та лойиҳанинг 24 тасида хато ва камчиликлар аниқланган.
Айрим лойиҳалар йиллаб кечиктирилган, шунингдек, лойиҳада кўзда тутилган мақсадлар доимий ўзгартирилган ёки сифатсиз асбоб-ускуна ва жиҳозлар қиммат нархларда сотиб олинганлиги, баъзи лойиҳаларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ўта паст даражада ҳамда лойиҳа маблағлари талон-тарож қилиниб, ўзлаштирилганлиги кескин танқидларга сабаб бўлди.
Барча сиёсий партиялар фракциялари томонидан Ҳисоб палатасининг 2020 йилги ҳисоботи маъқулланди. Билдирилган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қуйи палата Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА