Хирмонга барака ёғилмоқда
Жиззах вилоятининг Арнасой тумани далаларида бугун ғалла ҳосили кутилганидан кўра мўлроқ. Бир неча ой давомида ерга меҳр берган, ҳар бир ниҳолни кўз қорачиғидек асраган миришкорлар энди ҳалол меҳнатларининг самарасини кўришмоқда.
Туманнинг бўлиқ ғаллазорларида ўрим-йиғим ишлари уюшқоқлик ва юксак масъулият билан олиб борилмоқда.
Соҳада эришилаётган натижалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 декабрда қабул қилинган “Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.

Аграр тармоқда замонавий технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Жиззах вилоятининг Арнасой тумани миришкорлари жорий мавсумда 7100 гектар майдонда ғалла парваришлаб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлди. Ҳозирда тумандаги барча сув истеъмолчилари уюшмалари ҳудудида ўрим-йиғим ишлари қизғин паллага кирган.
Ғалла ўримини қисқа муддатда ва сифатли ташкил этиш мақсадида барча куч ва воситалар сафарбар этилган. Тумандаги 295 та ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалигида ҳосил тақдири учун кураш кечмоқда. Ўрим-йиғим жараёнига 14 та ўрим отряди жалб қилинган бўлиб, далаларда 23 та юқори унумли комбайн иш олиб бормоқда. Шундан 11 таси “Кейс”, 9 таси “Класс” ҳамда 3 таси бошқа турдаги техникалардир.
Донни тезкор ташиш ва қабул пунктларига етказиш учун 142 та юк автомобили ҳамда 144 та трактор тиркамаси хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида 6 та кўчма устахона ва 7 та ёқилғи етказиб бериш техникаси деҳқонлр хизматига шай ҳолатга келтирилган.

Туманнинг илғор хўжаликларидан бири ҳисобланган “Сангзор” фермер хўжалигида ҳам ўрим-йиғим ишлари юқори суръатларда давом этмоқда. Бу ерда жами 150 гектар майдонда буғдой парваришланган бўлиб, давлатга ғалла сотиш шартномасига мувофиқ 570 тонна дон маҳсулотини хирмонга топшириш режалаштирилган.
Дала бошида меҳнат жараёнини кузатар эканмиз, ҳар бир гектардан олинаётган барака ортида тинимсиз меҳнат, катта масъулият ва тажриба мужассам эканини ҳис қилиш қийин эмас.

Фермер хўжалиги раҳбари Фарход Ёдгоровнинг айтишича, бу йил табиат ва меҳнат уйғунлиги кутилган натижани берган.
— Бу йилги ҳосилдорлик ҳар гектардан ўртача 95–100 центнерни ташкил этмоқда. Бу рақам ортида сувни тежаб ишлатиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш ва меҳнаткашларимизнинг фидойилиги турибди. Энг катта мақсадимиз давлат олдидаги шартномавий мажбуриятларни муносиб бажариб, халқимиз дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшишдир, — дейди фермер.
Дарҳақиқат, бугун хирмонларга тўкилаётган ғалла ҳосили мамлакат иқтисодий барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ аҳлининг фаровон ҳаётига хизмат қилади. Арнасой далаларида кечаётган бугунги қизғин меҳнат ҳам ана шу эзгу мақсадлар сари ташланган ишончли қадамлардан биридир.
Абдужалол Қаюмов (видео+сурат), ЎзА мухбири