Ҳиндистоннинг рақамли тўловлар тажрибаси
Араб денгизи соҳилида жойлашган Мумбай — Ҳиндистоннинг йирик иқтисодий ва молиявий марказларидан бири. Мамлакатнинг етакчи банклари, молиявий муассасалари, суғурта компаниялари, йирик корпорациялари ва биржа инфратузилмаси фаолият юритадиган шаҳар бугун замонавий технологиялар ва рақамли хизматлар ривожи билан ҳам ажралиб туради.
Шаҳарга ташриф буюрган бир қатор давлатлар журналистлари Ҳиндистоннинг замонавий молиявий инфратузилмасига ҳам эътибор қаратди. Журналистлар ташриф буюрган муҳим ташкилотлардан бири Ҳиндистон Миллий тўловлар корпорацияси — National Payments Corporation of India (NPCI) бўлди.
Ташриф давомида журналистларга ташкилотнинг Ҳиндистон электрон тўловлар ва ҳисоб-китоблар тизимидаги ўрни, асосий фаолият йўналишлари ва мамлакатда кенг қўлланилаётган рақамли тўлов хизматлари ҳақида маълумот берилди.
Миллий тўлов тизими
NPCI Ҳиндистон захира банки ва Ҳиндистон банклари ассоциацияси ташаббуси билан 2008 йилда ташкил этилган. Ташкилотнинг асосий вазифаси — мамлакатда чакана тўловлар ва ҳисоб-китоблар учун самарали инфратузилмани шакллантириш ва ривожлантириш.

Бугун NPCI UPI — Ягона тўлов интерфейси, RuPay миллий карта тизими, IMPS — тезкор банклараро тўловлар тизими, NACH ва бошқа тўлов хизматларини ривожлантириш ва уларнинг инфратузилмасини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Улар орасида UPI алоҳида аҳамиятга эга. 2016 йилда ишга туширилган мазкур тизим банк ҳисобварақлари ўртасида тезкор электрон ҳисоб-китобларни амалга ошириш, QR-код орқали товар ва хизматлар учун ҳақ тўлаш имконини беради.
Ташкилот расмий маълумотларига кўра, UPI тизимидан бугун 500 миллиондан ортиқ фойдаланувчи фойдаланмоқда. Фаол савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари сони 65 миллиондан, UPI QR-кодлари тармоғи эса 803 миллиондан ошган. Тизимда қарийб 752 та банк иштирок этади, фойдаланилаётган иловалар сони 90 дан зиёд.

2026 йил август ойида UPI орқали қарийб 24,5 миллиардга яқин молиявий операция амалга оширилиб, уларнинг қиймати 315 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган.
Тизимнинг кундалик фаолияти ҳам катта кўламга эга. Тақдимотда UPI орқали кунига қарийб 1 миллиард операция ва 10 миллиардга яқин API сўрови қайта ишланиши қайд этилган. Бу Ҳиндистонда рақамли тўловлар учун яратилган инфратузилманинг нақадар кенг қамровли эканини кўрсатади.
Ягона тизим — кўплаб тўлов хизматлари
Журналистларга NPCI фақат UPI билан чекланмаслиги ҳам тушунтирилди. Ташкилотнинг миллий тўлов инфратузилмаси UPIдан ташқари RuPay, IMPS, NETC, AePS, NACH, CTS ва NFS каби тизимларни ҳам қамраб олади.

Масалан, RuPay орқали 1,3 мингдан зиёд банк карта чиқаради, муомаладаги RuPay карталари сони 800 миллиондан ошган. NETC тизими эса 126 миллиондан зиёд транспорт воситасини қамраб олади. AePS тизими орқали эса банк хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилиб, 100 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатилмоқда.
Шунингдек, NACH орқали оммавий ҳисоб-китоблар ва мунтазам тўловлар амалга оширилади. CTS электрон чекларни қайта ишлашга, NFS эса банкоматлар тармоғи ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлашга хизмат қилади.
Очиқ ва ўзаро мос тўлов тизими
Тақдимотда UPIнинг яна бир муҳим хусусияти — турли банклар, мобиль иловалар, электрон ҳамёнлар ва тўлов хизматлари ўртасидаги ўзаро мувофиқлик экани кўрсатилди. Тизим банк ҳисобварағи, электрон ҳамён, мобиль пул ва айрим кредит воситаларидан тўлов манбаси сифатида фойдаланиш, турли иловалар орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини беради.
Шу тариқа, фойдаланувчи қайси банк ёки иловадан фойдаланишидан қатъи назар, ягона тўлов инфратузилмаси орқали турли хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиши мумкин.
Тақдимотда хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. UPI архитектураси PCI-DSS ва ISO 27001 талабларига мувофиқ экани, тизим иштирокчилари ўртасидаги хабарларни рақамли имзолаш механизмларидан фойдаланилиши қайд этилди.
Ҳиндистоннинг тўлов инфратузилмасини бошқа мамлакатларда ҳам жорий этиш ва турли миллий тўлов тизимлари ўртасида ўзаро боғлиқликни таъминлаш йўналишида ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, UPI асосидаги халқаро ҳисоб-китоблар тизими босқичма-босқич кенгаймоқда. NPCI маълумотига кўра, UPI Global Acceptance хизмати орқали Ҳиндистон банк ҳисобварақларидан хориждаги айрим савдо нуқталарида QR-код асосида тўлов қилиш мумкин. Бу жараён Ҳиндистонда шаклланган рақамли тўлов инфратузилмасининг халқаро иқтисодий алоқалардаги аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Бугун мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, трансчегаравий тўловларни такомиллаштириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ҳиндистоннинг UPI каби миллий рақамли тўлов тизимларини ривожлантириш тажрибаси муҳим аҳамият касб этади. Тезкор ва қулай электрон ҳисоб-китобларни таъминлаш замонавий савдо ва инвестиция алоқаларининг муҳим шартларидан бирига айланмоқда.
Журналистларнинг NPCI фаолияти билан танишиши ҳам ана шу жараёнларнинг амалий жиҳатларини кўриш имконини берди. ОАВ вакиллари ташкилотнинг бугунги фаолияти, иқтисодий аҳамияти юзасидан саволлар билан мурожаат қилди. Мутасаддилар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берди.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА мухбири
Мумбай, Ҳиндистон