Ҳиндистон ва Хитой музокара ўтказади
Чоршанба куни Ҳиндистон ва Хитой Ладакх чегараси юзасидан музокаранинг 14-раундини ўтказади.
“Индиан Экспресс” газетаси Ҳиндистон Мудофаа вазирлигидаги манбасига таяниб хабар беришича, мулоқот 12 январь куни Чушул Молдо чегара пунктида Ҳиндистон Қуролли Кучлари ва Халқ қўшинлари армия корпуси қўмондонлари даражасида бўлиб ўтади. Хитой озодлик армияси аввалроқ томонлар музокаранинг 14-раундини ўтган йил декабрь ойи иккинчи ярмида ўтказишни режалаштирганини айтганди.
"Ҳиндистон Шарқий Ладакхдаги вазиятни юмшатишга қаратилган масалани ҳал қилиш учун Хитой билан конструктив мулоқотни интиқлик билан кутмоқда", деди Ҳиндистон мудофаа тизимига тегишли манба.
Ҳиндистон-Хитой ўртасидаги Ладакх чегарасидан қўшинларни олиб ташлаш бўйича музокаранинг 2021 йил 10 октябрда бўлиб ўтган 13-раунди бесамар якунланди. Шундан сўнг Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги муаммога “бу минтақада тинчлик ва осойишталикни, икки томонлама келишувни тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда” тезроқ ечим топиш зарурлигини қайд этди.
Ҳимолай тоғида чегара йўқлиги Ҳиндистон ва Хитой ўртасида анчадан буён кескин муносабатга сабаб бўлмоқда. 2020 йил баҳорда икки давлат армияси ўртасидаги қарама-қаршилик кучайди. Ладакхдаги кескинликни бартараф этиш мақсадида Ҳиндистон ва Хитой ҳудудга оғир артиллерия, танк, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва самолёт жойлаштирди. 2021 йил февраль ойида бир қатор ҳарбий ва дипломатик даражадаги музокарадан сўнг Пекин ва Нью-Деҳли чегарадаги баҳсли ҳудуддан қўшинларни олиб чиқа бошладилар, Фақат жараён ҳали тўлиқ якунланмаган.