Ҳиндистон ташқи ишлар вазири билан учрашув
Нью-Деҳли шаҳрига амалий ташриф билан борган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан учрашди.
Музокара давомида Ўзбекистон – Ҳиндистон кўп қиррали муносабатининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболи, халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Томонлар 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган онлайн-саммит давомида эришилган келишувлар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон бергани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида янги замонавий саноат қувватларини яратишга илғор технологияларни жалб қилиш ҳамда ижтимоий ва инфратузилмавий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш йўллари кўриб чиқилди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари БМТ, ШҲТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасидаги кўп томонлама алоқалар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича фикр алмашди.
Афғонистон иштирокидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё” вазирлар мулоқотининг минтақалараро ҳамкорликни жадаллаштириш, муносабат механизмини такомиллаштириш ҳамда Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатишдаги муҳим аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Ҳиндистон томони жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилинди.
Мулоқот давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.