Ҳиндистон Исроилга йирик ҳажмда ҳарбий маҳсулот етказиб берганми?
“Amnesty International” ташкилоти хабар қилишича, 2023 йил октябрдан 2025 йил ноябргача Ҳиндистон Исроилга 2596 турдаги ҳарбий вазифага мўлжалланган маҳсулот жўнатган.
Бундай юк таркибидан қурол-яроқ, ўқ-дори, эҳтиёт ҳамда турли бутловчи қисм ўрин олган. Ҳисоботда келтирилишича, Исроил томонига 390 516 ўқ отар қурол бўлаги, дроннинг жанговар каллаги ва артиллерия снаряди гильзасини ўз ичига олган 564 970 дона портловчи модда компоненти ҳамда ҳарбий техника учун 298 деталь юборилган.
Айрим ҳолатда маҳсулотни қабул қилиб олган исроиллик харидорлар ҳам аниқланди. Масалан, “Elbit Systems” компанияси 155 миллиметрли снаряд ва “Skystriker” номли шаҳид-дрон учун жанговар каллак олган. Жўнатма икки мамлакат мустаҳкам мудофаа ҳамкорлиги шароитида амалга оширилган. Маҳаллий ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга қаратилган “Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган” давлат дастурида “Elbit Systems, Israel Aerospace Industries” ва “Rafael” каби яҳудий давлатининг етакчи компаниялари фаол иштирок этмоқда.
Шу билан бирга Ҳиндистон ҳам Исроил ҳарбий саноатининг энг йирик харидорларидан бири бўлиб қолмоқда. SIPRI таҳлилига кўра, 2021-2025 йиллари Исроил мудофаа экспортининг қарийб 29 фоизи айнан Деҳли ҳиссасига тўғри келган. Ҳиндистон эса Украинадан кейин дунёда энг кўп ҳарбий маҳсулот импорт қилувчи иккинчи давлатдир. Шу даврда Ҳиндистон мудофаа импортининг 40 фоизи Россия, 29 фоизи Франция ва 15 фоизи Исроилга тўғри келган.
“Amnesty International” ўз навбатида Ҳиндистонда ҳарбий маҳсулот экспортини назорат қилиш ва халқаро стандартга риоя этиш тизимида жиддий камчилик мавжудлигини ҳам таъкидлаб ўтган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА