Ҳимолай музи эриши тезлашмоқда
Янги эълон қилинган тадқиқот натижасига кўра, Ҳимолай музининг эриш суръати сўнгги ўн йилликка нисбатан кескин тезлашиб, минтақа сув хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Олимлар аср ўрталарига бориб сув оқимининг энг юқори нуқтасидан сўнг пасайиш бошланиши натижасида чуқур сув инқирози юзага келишини таъкидламоқда.
Август ойи охирида Непал ва Тибет чегарасида муз ўпирилиши оқибатида юзага келган кўчки ва тошқин туфайли 1 300 киши ҳаётдан кўз юмди, 5 300 одам йўқолди.
Умуман, музлик чекиниши миллионлаб аҳоли яшайдиган водий тепасида морен кўли ҳосил бўлиши ва тошиб кетиши хавфини оширмоқда. Тадқиқотчилар қайд этишича, 8 мамлакат ҳудуди бўйлаб ястанган Ҳиндукуш-Ҳимолай тизимида 40 000 га яқин музлик бор. Афсуски, атиги 21 муз тоғигина доимий кузатув остида. Фақат Ҳиндистонда 200 га яқин муз кўли ўта хавфли ҳудуд ҳосил қилган. Мамлакатдаги табиий офатларнинг 35 фоизи айнан Ҳиндистоннинг 18 фоизини эгаллаган Ҳимолайга тўғри келади. Табиий ресурс камайиши, муз эриши ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоиздан кўпини таъминлаб турган ушбу минтақага, юз миллионлаб аҳоли фаровонлигига таҳдид солмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА