ХДП ташкил топганининг 35 йиллиги нишонланди
Термизда Халқ демократик партияси ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фахрийлари, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раҳбарлари ва масъул ходимлари, фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Алишер Пардаев, Олий Мажлис Қонунчилик депутати, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Фирдавс Шарипов ва бошқалар мустақиллик билан тенгдош партиянинг ташкил этилиш тарихи, миллий давлатчилигимизни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, унинг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишда тутган ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди.

Ўзбекистон халқ демократик партиясининг вилоят кенгаши ҳам воҳада илк сиёсий куч сифатида ёш мустақил давлатимиз билан ҳамнафас қадам ташлади. Вилоятни ижтимоий юксалтиришга қаратилган ғоялари билан самарали фаолият юритди. Ўтган 35 йилда 92 минг 521 нафар киши партия сафига қабул қилинди. Уларнинг 48 минг 260 нафари шижоаткор ёшлар ва 35 минг 357 нафари хотин-қизларни ташкил этди.

Партиянинг кейинги ўн йилдаги фаолияти инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан янги тараққиёт даврини бошлаб берди. Ўз сиёсатида иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга, мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш орқали Ўзбекистонни аҳоли турмуш даражаси ва сифати бўйича дунёнинг ўрта ривожланган давлатлари даражасига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратди.

Бу йўлдаги мақсадларга эришиш учун давлат ва жамият ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларидан келиб чиқишни илгари сурди. Жумладан, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори турмуш кечириш учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали аёллар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари, меҳнат билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган инсонлар, меҳнат бозорига энди кириб келган таълим муассасалари битирувчилари, зарур касбий малакаси йўқлиги сабабли доимий иш жойи ва барқарор даромадга эга бўлмаган кишилар, ички ва ташқи меҳнат мигрантлари манфаатларини изчил ҳимоя қилмоқда. Бу жараёнда ўз депутатлари орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириб, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга, ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Тадбирда партиянинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, партиянинг тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этиб, партия фаолиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаоллар “Ўзбекистон Халқ демократик партияси ифтихори” кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов.
ЎзА мухбири