“Хазон бўлган умрлар” ёшу кексани чуқур мушоҳадага чорлади
Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри актёрлари Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар учун “Хазон бўлган умрлар” номли саҳна асарини намойиш этди.
Спектаклда ёт диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг аянчли оқибатлари, Ватанга хиёнат, инсон ҳаёти ва оиласининг барбод бўлиши таъсирли саҳна кўринишларида намойиш этилган.

Асар томошабинларни огоҳликка ва сохта ғояларга алданиб қолмасликка, киши ҳар қандай вазиятда ҳам тўғри йўлни танлашига, миллатимизга ёт диний ёки мафкуравий тарғиботларга ўйламасдан ишонмасликка чақиради.

Ҳаётий воқеаларга бой саҳна асарида нотўғри йўлни танлаган инсон ўз умрини хазон қилиб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинларининг ҳам бахтсизлигига сабабчи бўлиши, сохта ваъдалар шахсни ўзлигидан айириши, кеч бўлганда пушаймонлар фойда бермаслиги, тинч-осуда ҳаёт, фаровон турмуш, она Ватан ва оиласи бағрида яшашнинг катта бахт экани драматик тарзда очиб берилди.

Инсон ҳаёти, унинг қадри, ҳаётда йўл қўйилган хатоларнинг аянчли оқибатлари, киши қабул қилган ҳар бир қарорнинг келажак учун нақадар муҳим экани бадиий талқинда ёритилди.

Саҳна асарида театрнинг шунчаки томоша зали эмас, балки, қалбларни уйғотиб, тафаккурни бойитадиган, инсонни эзгуликка чорлайдиган тарбия маскани экани ўз ифодасини топди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири