“Ҳаж” зиёратига юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди
Инсоннинг энг пок ниятларидан бири ҳисобланган муқаддас “Ҳаж” зиёратини амалга ошириш истагини ўз манфаатлари йўлида қурбон қилмоқчи бўлган шахснинг режаси чиппакка чиқди.
Андижон вилояти Асака туманида яшовчи, 1975 й.т. шахс алдов йўли билан 1996 й.т. фуқаронинг ишончига кириб, танишлари орқали уни ва 1964 й.т. онасини бу йилги “Ҳаж” мавсумида Саудия Арабистонига зиёратга юбориш эвазига ҳар бири учун 9 минг АҚШ долларидан, жами 18 минг доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚК Департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 9 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Огоҳ бўлинг! Фирибгарлар тузоғига тушиб, нафақат маблағингиздан, балки йиллаб орзу қилган эзгу ниятларингизнинг амалга ошишидан ҳам маҳрум бўлиб қолманг.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.