Хайрли ишнинг катта-кичиги бўлмайди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан Фарғона вилоят прокуратураси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида хайрли тадбир ўтказилди.
280 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган фуқаро иштирок этган тадбирда 145 нафар киши тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 112 нафарига амбулатор, 33 нафарига стационар муолажалар белгиланди. Шунингдек, 20 нафар кишига ногиронлик гуруҳи белгиланди. Ўнга яқин кишига махсус аравача, эшитиш мосламаси ва реабилитация марказига йўлланма берилди.
[gallery-9888]
– Тадбир доирасида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 17 нафар талабгор доимий ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари 30 нафар ногиронлиги бўлган шахс “Китобхонлар майдони” интеллектуал ўйинида иштирок этиб, ўзларининг китобхонлик қобилиятларини намойиш этди. Бундан кенг кўламли тадбирлар вилоятимизнинг барча туман-шаҳарларида давом этмоқда, – дейди Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари Анвар Паттиев.
Спортнинг пара енгил атлетика, пара шашка, пара таэквондо ва пара дзюдо турлари бўйича ташкил этилган мусобақаларда 140 нафар (шундан қизлар 88 нафар) ногиронлиги бўлган шахс фаол иштирок этди. Уларнинг 24 нафари паралимпия спорт турлари бўйича профессионал спортга жалб этилди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари ва спорт анжомлари топширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА