Хайрли амаллар халқимизга хос
Бугунги кунда камбағалликни камайтириш, «Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга ёрдам бериш муҳим масалага айланган.
Уларга нафақат моддий ёрдам кўрсатиш, балки жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун кўмаклашиш орқали рўйхатдан чиқариш борасидаги ишлар ҳам тизимли равишда давом этмоқда.
Шу мақсадда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят бошқаруви унинг туман ва шаҳар бўлимларида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Маҳаллий ҳокимликлар, депутатлар кенгаши, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ана шундай оилаларга имкон қадар ёрдам кўрсатиш, мавжуд дафтарлардан чиқариш чоралари кўрилаяпти.
Яқинда "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг Боёвут туман бўлими томонидан “Темир дафтар”га киритилган 42 нафар фуқарога фонд маблағи ҳисобидан она-бола сигир олиб берилди.
– Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, моддий, маънавий кўмак берамиз, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят бошқаруви бош мутахассиси Анвар Нарзуллаев. – Бўлим ходимлари ёрдамга муҳтож фуқаролар мурожаатини атрофлича ўрганиб, улар эҳтиёжидан келиб чиқиб, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа масалаларда уларга ёрдам бермоқда. Гулистон туманида яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга парранда сотиб олиш учун Халқ депутатлари кенгашининг тегишли қарорига асосан, 87 миллион 399 минг сўм маблағ “Маҳалла” хайрия жамғармасининг туман бўлими томонидан ажратилиб, минг бош парранда олиб берилди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 107 миллион 639 минг сўм пул маблағи ажратилиб, Гулистонлик “Аёллар дафтари”да турган 269 нафар аёл республикамизнинг обод манзилларига саёҳат қилди. Улар тарихий қадамжоларни зиёрат қилиш билан бирга, ишлаб чиқариш корхоналарида, ҳунармандчилик масканларида бўлиб, ҳунар ўрганиб қайтди.
Уйда ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олиниб, улар соғлигини тиклаши, мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун моддий қўллаб-қувватланмоқда. Бундан ташқари ишсиз аҳоли қатламини ишли қилиш мақсадида ҳунар турлари бўйича курслар ташкил этилиб, ҳунар эгаллаган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га кирган ижтимоий кам таъминланган фуқароларга тикув машиналари олиб берилмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА