Хайр Баҳрайн, салом Тошкент-2025!
Баҳрайнда ўтган IV Пара Осиё ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Эътиборлиси, қитъанинг 30 дан ортиқ мамлакатидан 700 нафар пара атлетлар ўртасида кечган баҳсларда Ўзбекистоннинг 16 нафар иродали спортчиси 11 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалларига сазовор бўлди.

"Khalifa sport city stadium"да кечган тадбирда Осиё паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, Осиё паралимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташхўжаев ҳамда Баҳрайн миллий паралимпия қўмитаси президенти Шайх Муҳаммад Бин Дуайж Ал Халифа иштирок этди.

Тадбир якунида Осиё паралимпия қўмитаси байроғи V Пара Осиё ўйинлари мезбони - Тошкент шаҳрига топширилди. Уни Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташхўжаев қабул қилиб олди, дейилади Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ёш параспортчиларимиз бугун тунда Тошкентга қайтиб келади.
Т. Рўзиев, ЎзА