Ҳаётимизда шундай касб эгалари борки...
Ҳаётимизда шундай касб эгалари борки, уларнинг ҳар бир ишлари асрларга татигулик десак, муболаға бўлмайди.
Касблар ичра фахрли ва шарафлиси ўқитувчи эканлигини кўпчилигимиз сезиб турибмиз. Ўқитувчи – жамиятнинг маънавий юксалишига, ёш авлодни ақл заковатли бўлишига таъсир этувчи беқиёс куч десак, хато қилмаган бўламиз. Ҳеч бир давлат ҳеч бир жамият йўқки илм-маърифатсиз юксалишини тасаввур эта олмаса керак. Жаҳоннинг ривожланган давлатларини натижаларини таҳлил этиб кўрсак, бу муваффақиятларнинг замирида илм-маърифат ётганлигини яъни ўқитувчи меҳнати цинганлигини ҳис қиламиз. Қаердаки, устозлар эъзозда бўлса, ўша юртнинг равнақи порлоқ бўлишини ўз ҳаётимизда исботини кўраяпмиз. Охирги йилларга келиб, юртимизда ўқитувчиларга бўлган эътибор ҳамда ҳурмат анча яхшиланаётганлигини ўз ҳаётимизда кўриб, сезиб келаяпмиз. Авваламбор, жамиятда ўқитувчи обрўйини ошишига давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибор қаратиши биз каби устозларни қувонтирди десак, хато гапирмаган бўламиз.
Ўзбекистон давлатида ўтган йиллар мобайнида «Йил ўқитувчиси» кўрик-танловлари Халқ таълими вазирлиги иштироки билан ўтказилиб келинмоқда эди. Бу танловлар туман, вилоят ҳамда Республика бўйича тизимли ўтказилган ва Халқ таълими Вазирлигининг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга ошириб келинганлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Бу йил ушбу танлов янгича руҳ ва янгича кўринишда ташкил этилганлигини кўпчилик устозлар ва жамоатчилик ойнаи жаҳон ва интернет саҳифалари орқали кўриб, хабардор бўлганлигини сездик. 2020 йил 3 июнда расман ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон Ўқитувчилар Ассоциацияси нодавлат жамоат бирлашмаси Республикамиздаги юз минглаб ўқитувчиларни «Устоз 2020«миллий мукофоти кўрик танловига жалб этган ҳолда танловни адолатли ва шаффоф уюштирганлигини кўпчилигимиз кўриб турибмиз. Ушбу танловнинг аввалги танловларга қараганда ўқитувчи ўқитувчини баҳолаши янада холисона кечганлигини ҳамда инсон омилининг таъсири йўқлигини кўришимиз мумкин.
«Устоз 2020” миллий мукофотига юртимиздан 13 мингга яқин ўқитувчилар 6 та йўналиш бўйича онлайн ўз ихтиёрларига кўра аризаларни қолдирган эдилар. Ушбу танловнинг биринчи босқичида, ўқитувчи умумий фаолиятини акс эттирувчи 2 дақиқалик видеоролик ва ўзи ҳақида иншо ҳажми 250 сўздан ошмаган эссе ёзиш талаблари кўрсатилган эди.
Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган 150 нафар ўқитувчилар 6 та йўналиш бўйича “ZOOM” платформаси орқали кейинги босқичга ўтказилдилар. Иккинчи босқични олий таълимда фаолият юритаётган тажрибали педагоглар томонидан ўқитувчи касбий компетентига оид саволларга берган жавоби орқали баҳоланди.
Учинчи босқичда 30 нафар иқтидорли ҳамда тажрибали финалистлар 6 кун давомида қизиқарли ўқув-семинар машғулотларини, заковат ўйинларини, ўзаро тажрибавий баҳсларни иштирокчисига айланган ҳолда тоғ-ён бағирларида ўтказганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Ташкил этилган ўқув-семинарлардан ўқитувчи маҳоратини ошишига, ўқитувчи ва ўқувчилар билан ишлаш малакаларига, шунингдек, кишига ишонч бағишловчи психологик мотивацион ишлаш притсипига йўналтирилганлигини барчамиз гувoҳи бўлдик. Олти кунлик эътибор, биз каби устозларни кўнглини тоғдек кўтарди десак, янглишмаган бўламиз. Аслини олганда мана шу 30 нафар ўқитувчиларнинг барчаси ғолиб эканлигини, ўз фанининг етук мутахассислари жамланганлигини барчамиз буни сездик. Танловнинг якуний учинчи босқичида ҳар бир йўналиш бўйича ҳар бир педагог халқ таълими тизимидаги ечилиши лозим бўлган муаммо ва ечимлар юзасидан ўзининг аниқ мақсадли тақдимотини ҳавола этиши керак эди. Адолатли ҳакамлар 6 нафар иштирокчини танлаган ҳолда 2021 йил Дубайда ўтказиладиган халқаро ўқитувчилар форумига иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар. Халқаро ўқитувчилар форумига иштирок этаётган 6 нафар педагог ўз устида янада чуқурроқ ишлаши кераклигини ҳамда касбий маҳоратини ошириши лозимлигини унутмаслиги керак деб ўйлаймиз. Ўттиз нафар иштирокчининг 24 нафарига 5 миллион сўм пул маблағи, замонавий ноутбук, 6 нафар номинация ғолибларига эса 30 миллион сўм пул маблағи ва Ўзбекистон Республикаси Касаба Уюшмаси Федерацияси томонидан 30 нафар финалистга қимматбаҳо совғалар берилганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли деб ўйлайман. Гап совға учун эмас, ўқитувчига бўлган эътиборни, ҳурматни юқори даражада эканлигини унутмаслигимиз керак. Танловнинг яна бир ўзига хос жиҳати 6 та йўналиш бўйича Республикамиздаги барча умумтаълим мактаблари, ижод мактаблари хусусий мактаблар, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг жалб этилиши кўпчилик устозларни қувонтирди.
30 нафар танлов иштирокчиларининг яна бир қизиқтирган жараён 2020 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Шерматов билан бўлган давра суҳбати ўзаро самимий ва дўстона руҳда ўтганлигини қувонч билан эсга олишимиз мумкин. Ушбу учрашувда халқ таълими Вазирининг барчани ўйлашга мажбур этадиган «Сизнингча Ўзбекистондаги умумтаълим мактаб ўқитувчиларини барчасини ўз устида ишлашини педагогик маҳоратини яхшилашига қандай қилиб эришишимиз мумкин» деган мулоҳазали саволи мени ҳам қийнаб келмоқда. Бизнингча энг тўғри йўл ўқитувчиларнинг ўқитувчиларга ўзаро методик ёрдамини янада яхшилашимиз, педагогларнинг касбий маҳоратини, ютуқларини мониторинг қилиш, ўқитувчилар ўртасида мунтазам равишда ички касбий танловларни уюштириш ўқитувчилар касбий маҳоратини ошишига қаратилган ўқув маҳорат дарсларини кўпайтиришимиз ҳамда Ўзбекистон ўқитувчиларини халқаро ўқитувчилар ташкилотлари билан ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш орқали босқичма-босқич муаммони ҳал қилишимиз мумкин. Энг муҳими ҳар бир педагог кимга дарс бераётганлигини, унинг ортидан ўқувчилар кутаётганлигини, ўқитувчи касби шарафли эканлигини зинҳор унутмаслиги шарт. Шундагина, ўқитувчининг фаолиятида ўзгариш бўлиши мумкин деб ўйлаймиз.
Ўзбекистон Ўқитувчилар Ассоциацияси нодавлат жамоат бирлашмаси байроғи остида, Республикамиздаги барча педагоглар бир мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилсак, шубҳасиз, ўз олдимизда турган мақсадларга эришамиз. Бунинг учун танловнинг бош ғояси «Ўқитувчи ўқитувчига ёрдам бериши» бир-бири билан коммуникатив алоқа қилиши орқали барчани бирлаштирган ҳолда буюк мақсадлар сари бошлаш мумкин. Кейинги йилларда ҳам Ўқитувчилар Ассоциацияси нодавлат жамоат бирлашмасининг фаолияти биз каби ўқитувчиларнинг таълим ва тарбия йўлида ўзаро бирлашиб, пировард мақсад йўлида интилиб, устувор вазифаларни ҳамда лойиҳаларни амалга ошира олсак, шак шубҳасиз, ўз ниятимизга етамиз.
Хулоса қилиб айтганда, 2020 йилнинг ўқитувчилар учун эсда қолган қувончли дамларидан бири «Устоз 2020” миллий мукофотининг таъсис этилиши ҳамда бутун Ўзбекистон ўқитувчиларига катта куч ва ишонч бағишлаган десак, хато бўлмайди. Ўйлайманки, Ўқитувчилар Ассоциациясининг юксалиши биз каби юз минглаб фидойи ўқитувчиларни бирлашиб бир мақсад йўлида ҳаракат қилиши ва Ўзбекистонда таълим сифатини ошишига таъсир этишига барча-барчамиз бирлашишимизга боғлиқ эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз зарур.
Азамат Холиқов,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори