“Ҳаёт сўқмоқларидаги излар”
Янги китоб тақдимоти
Жамият тараққиётида китобнинг ўрни беқиёс. Айниқса, ҳаётий тажриба, ижодий изланиш ва маънавий хулосалар мужассам бўлган асарлар инсон қалбига чуқур таъсир ўтказади. Фахрий журналист Иброҳим Жумаевнинг яқинда нашр этилган “Ҳаёт сўқмоқларидаги излар” номли китоби ҳам ана шундай тарбиявий аҳамиятга эга китоблардан биридир.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Навбаҳор туманидаги 18- ва 24-умумтаълим мактаблари ҳамда Армижон маҳалласида “Ҳаёт сўқмоқларидаги излар” номли китобининг тақдимоти ташкил этилди.
Китоб тақдимотининг бу масканларда ўтказилиши бежиз эмас, албатта. Чунки устоз-журналист айнан шу даргоҳларда таълим-тарбия олган, шу маҳаллада камол топган.

Иброҳим Жумаев айни пайтда 78 ёшда. Устоз узоқ йиллар вилоят матбуоти, хусусан, босма нашрларида оддий ҳарф терувчиликдан вилоят “Дўстлик байроғи” газетаси бош муҳаррирлигигача бўлган даврни босиб ўтган фидойи ва қалами ўткир, тажрибали журналист ҳисобланади.
Фахрий журналист умрининг 60 йилдан ошиқ даврини матбуот соҳаси билан боғлаган. Айни пайтда нафақада бўлсада, қарийб 30 йил олдин ўзи ташкил этган “Саломатлик” газетасида муҳаррир сифатида ёшларга устозлик қилиб келмоқда.

Маънавий-маърифий тадбирларда Иброҳим Жумаевнинг ҳаёт йўли, сермаҳсул ижоди ва вилоят матбуоти ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Таъкидланганидек, устознинг кўп йиллик меҳнати давлатимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилган. Устоз 2025 йил 26 июндаги “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, “Соғлом турмуш” медали билан мукофотланган.

– “Ҳаёт сўқмоқларидаги излар” китобида кейинги юз йилликда бўлиб ўтган воқеалар, муаллиф учратган инсонлар тақдири баён этилган, – дейди китоб муҳаррири Баҳриддин Садриддинов. – Таниқли журналист ва ёзувчи Иброҳим Жумаевнинг кўрган-кечирганлари, эшитган-билганлари, бадиий публицистик мақолалари, ҳикоялари, шогирдлар эҳтироми ушбу китобдан ўрин олган. Адибнинг асарлари халқона, содда ва гўзал лаҳжалар билан ёзилган. Тасвирларга бой. Бунинг сабаби эса ёзувчи фақат ўзи кўрган воқеаларни қаламга олганлигидир. Бир-бирини такрорламайдиган бўёқлар китоб қаҳрамонларининг ички ва ташқи дунёсини шу даражада акс эттирганки, беихтиёр уларнинг орасига кириб қолгандек бўласиз. Китобни ўқир экансиз, аввало, муаллифнинг одилона ҳукмидан куч оласиз, вақт ҳукми нуқтаи назаридан эса ярим аср нарига қадам қўясиз.
Тадбир давомида сўзга чиққан журналистлар ва ижодкорлар янги китобнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб, унда жамланган қисса, публицистик очерклар, ҳикоялар, хотиралар ва эсселар ҳар бир китобхон учун муҳим маънавий озуқа эканини таъкидлади. Асарда муаллифнинг ҳаётга, касбга ва инсон қадрига бўлган муносабати чуқур таҳлил ва самимийлик билан ифодалангани унинг қимматини янада оширади.
– Иброҳим Жумаев бугун ҳам ўзининг фаоллиги, ижодий изланишлари билан вилоятимиз матбуоти ва адабий муҳити ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, – дейди Отабек Аслонов. – Унинг маънавиятни юксалтириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари алоҳида эътирофга лойиқ. Устоз бугунги кунда ҳам фаол.. У “Саломатлик” газетаси таҳририяти қошида ташкил этилган “Маҳорат мактаби”да ёш журналистларга касб сирларини ўргатиб, ўз тажрибасини улашиб келмоқда.
Иброҳим Жумаевнинг илгари нашр этилган “Меҳрдан яралган дунё”, “Биринчи довон”, “Довон оша”, “Мунаввар йўл” каби асарлари ҳам ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган. Шунингдек, “Навоий тиббиёти: кеча ва бугун” китобини тайёрлашда масъул муҳаррирлик қилган.
Тадбирлар якунида муаллиф томонидан таълим муассасаси ва маҳалла кутубхонасига “Ҳаёт сўқмоқларидаги излар” китоби совға қилинди.
Бу каби адабий-маърифий тадбирлар нафақат бир китоб тақдимоти, балки ёш авлодни тарбиялаш, уларни фикрлашга, ўқишга, изланишга чорлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири