Ҳавомизни заҳарлаётган сабаблар ёхуд соғлом келажакни таъминлашдаги вазифаларимиз нималардан иборат?
Шу кунларда Тошкент кўчаларига чиққан одам осмонга қараб нимани кўради? Шаҳар устига чўккан хира кулранг туманни кейинги пайтлар қандайдир мураккаб экологик асбобларcиз ҳам кўра оляпмиз.
Чуқурроқ нафас олсангиз, томоғингизни қандайдир кўзга кўринмас чанг зарралари қириб ўтганини ҳис қиласиз. Бу гапларимиз ваҳима ёки ижтимоий тармоқлардаги навбатдаги баҳс эмас.
Куз келиб, ҳарорат бир оз пасайиши билан пойтахтда мана шундай таниш манзара кун тартибига чиқади. Кўчалардаги чанг, тирбанд йўллардаги минглаб автомобиллардан чиқаётган тутун, осмонўпар биноларнинг бетартиб қурилиши ва шаҳар чеккаларидаги иссиқхоналарда ёқилаётган кўмир ҳаёлга келади. Буларнинг қай бири осмонни кўпроқ хира торттиряпти?
Сўнгги пайтларда жамоатчиликнинг барча эътибори ва эътирозлари асосан кўмир ёқадиган иссиқхоналарга қаратилди. Бу бежиз эмас, албатта. Уларнинг фаолиятини қатъий экологик талаблар асосида тартибга солиш, замонавий фильтрлар ўрнатиш ва зарарли ташламаларни жиловлаш бўйича юқори даражада янги чоралар муҳокама қилинмоқда. Аммо масалага совуққонлик ва таҳлилий назар билан қарайдиган бўлсак, фақат битта манбани жазолаш ёки назорат қилиш билан бу улкан экологик тугунни ечиб бўлмайди.
Бунинг учун ҳавонинг ўзида аслида нималар яширинганини, ифлосланишнинг асл ўчоқларини ва кўрилаётган чоралар қандай натижа бераётганини холис ўрганишимиз керак.
Кўзга кўринмас, аммо хавфли душман
Ҳавони фақат иссиқхоналар бузяпти, деган қараш қанчалик асосли? Экология вазирлиги бу саволга илмий ёндашиб, ҳаводаги майда заррачалар манбасини аниқлаш учун автоматик станциялар ва лаборатория таҳлилларидан фойдаланмоқда. Гап бу ерда мутахассислар тилида PM2.5 деб аталадиган, кўз билан илғаб бўлмайдиган ўта майда заррачалар ҳақида кетяпти. Улар шунчалик миттики, нафас олганимизда ҳеч қандай тўсиқсиз ўпканинг энг чуқур қисмигача кириб боради ва қонга узатилади.
Жорий йилнинг куз бошида, аниқроғи 28 сентябрдан 6 октябргача олинган ҳаво намуналари жуда қизиқ манзарани кўрсатди. Бу пайтда ҳаводаги PM2.5 заррачаларининг 63,9 фоизини оддий минерал чанг ташкил қилган. Ёқилғи ёнишидан ҳосил бўлган тутун ва қурумнинг улуши эса 24 фоиз атрофида бўлган.

Бироқ ҳаво бирдан совиб, иситиш мавсумига тайёргарлик бошлангач, рақамлар кескин ўзгарди. 17–19 октябрь кунлари олинган таҳлилларга кўра, ҳаводаги ёқилғи ёниши билан боғлиқ заррачалар улуши бирдан 54–57 фоизгача кўтарилди. Чангнинг миқдори эса 28–34 фоизга тушиб қолди. Бу жуда оддий ҳақиқатни англатади. Куз бошида ҳавони асосан чанг бузган бўлса, ҳаво совиши билан унинг ўрнини тутун ва қурум эгаллади.
Лекин шу ерда шошма-шошарлик билан хулоса чиқармаслик керак. Лаборатория ҳавода ёқилғи чанги кўпайганини кўрсатди, аммо бу тутуннинг ҳаммаси айнан иссиқхоналардан чиқди, дегани эмас. Бунинг ичида ишлаб чиқариш заводлари, уйларни иситиш тизимлари ва бошқа манбаларнинг ҳам ўз улуши бор.
Манзара аслида қандай?
Жаҳон банки ва Экология вазирлигининг биргаликдаги тадқиқоти бу борада янада кенгроқ маълумот беради. Унга кўра, Тошкент ҳавосини йил давомида ифлослантириб турадиган асосий омил бу шамол олиб келадиган чангдир. Унинг улуши 36 фоизни ташкил этади. Иккинчи ўринда 28 фоизлик улуш билан биноларни иситиш тизимлари туради. Тирбанд кўчаларимиздаги транспортларнинг ҳавога зарари 16 фоиз, саноат корхоналарининг улуши эса 13 фоиз деб баҳоланган. Қолган қисми шаҳарнинг ички чанги ва чиқиндиларни ёқиш оқибатида юзага келади.
Бу ўринда бир нозик жиҳатни фарқлай билиш керак. «Минерал чанг» деганда кўз олдимизга фақат чўлдан учиб келаётган қум келмаслиги керак. Пойтахтдаги бетартиб қурилишлар, қазилган ва очиқ қолдирилган тупроқли майдонлар, оғир юк машиналари эзиб ўтган йўллардан кўтарилаётган чанг ҳам лабораторияда айнан тупроқ чанги сифатида намоён бўлади. Демак, ҳавомизни ўзимиз қурган бинолар ва ўзимиз қазган йўллар ҳам беаёв ифлослантирмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари вакиллари нима дейди?
Иссиқхоналар фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг ҳам бу борада ўз ҳақиқати бор. Хусусан, бу йўналишда ишлайдиган “Sendrilion” корхонаси раҳбари Х.Аҳмедов муаммога кенгроқ қараш тарафдори. Унинг очиқ маълумотларга таяниб айтишича, бутун республика бўйича иссиқхоналар йилига тахминан 200 минг тонна кўмир ёқади. Шундан 70 минг тоннаси Тошкент ва унинг атрофидаги ҳудудларга тўғри келади.
Тадбиркорнинг фикрича, мамлакатдаги умумий кўмир истеъмоли йилига қарийб 10 миллион тоннани ташкил қилган бир шароитда, иссиқхоналарнинг улуши жуда кам. Шу сабабли бутун айбни фақат уларга юклаш адолатдан эмас. Албатта, бу фикрлар асосли статистика билан тасдиқланиши керак. Чунки Тошкент осмонида қолаётган тутун билан бошқа чекка ҳудудларда ёқилаётган кўмирнинг таъсир даражаси бир хил эмас.
Шунга қарамай, тадбиркорлар ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Масалан, тўрт босқичли тозалаш тизимига эга «Eco Filter» технологияси яратилган бўлиб, у нафақат ҳавони тозалаши, балки энергияни 30–40 фоиз тежаши ҳам таъкидланмоқда.
Фильтр ўрнатишнинг ўзи етарлими?
Технология яратилгани яхши, аммо унинг реал ҳаётда қандай ишлаши энг муҳим масаладир. Яқинда бўлиб ўтган бир воқеа бунинг яққол исботи. Экология вазирлиги жорий йилнинг 30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари иссиқхоналар учун тавсия этилаётган янги қозон ва фильтр тизимининг тажриба намунасини текширувдан ўтказди. Натижа эса кутилганидек чиқмади. Қурилмадан чиқаётган ташламалар белгиланган хавфсизлик меъёрларига жавоб бермади.
Бу ҳолат бизга битта муҳим дарс беради. Иссиқхонага қандайдир фильтр ўрнатиб қўйиш билан иш битмайди. Ўша ускуна ҳақиқатан ҳам заҳарли тутунни ушлаб қоляптими ёки шунчаки хўжакўрсинга ишлаяптими? Мана шу саволга жавоб бўладиган даражада мунтазам назорат олиб борилиши керак.
“Яшил белбоғ”ларнинг аҳамияти
Осмонга чиқаётган тутунни камайтириш масаланинг фақат бир томони. Иккинчи томони эса ўша ифлосланган ҳавони табиий йўл билан тозалаш. Бунинг учун энг ишончли қалқон дарахтлардир.
Шу мақсадда пойтахт ва ҳудудларда кенг кўламли «яшил белбоғ»лар яратилмоқда. Ўтган йили ва жорий йил ҳисобидан Бектемир ҳамда Янгиҳаёт туманларида ўн минглаб дарахт кўчатлари қадалди. Олдимиздаги 2027 йилгача Тошкент атрофида яна 168 гектар майдонда дарахтзорлар яратиш режа қилинган. Хусусан, Чирчиқ дарёсининг пойтахтдан оқиб ўтувчи қисми бўйлаб 100 гектарлик улкан кўкаламзор минтақа ташкил этилади.
Сурхондарёнинг Термиз туманида ҳам Афғонистон томондан ёпириладиган чанг-тўзонларнинг йўлини тўсиш учун 31 гектар ерда яшил ҳимоя чизиғи яратилди. Яқин келажакда шаҳар атрофида 21 километрлик улкан яшил ҳалқа барпо этиш устида иш олиб бориляпти.
Аммо кўчатни ерга қадаш икки соатлик иш, уни катта дарахт қилиб ўстириш учун эса йиллар керак. Агар экилган ниҳоллар вақтида суғорилмаса, меҳр билан парвариш қилинмаса, сарфланган шунча маблағ ва меҳнат шамолга совурилади.
Туман ўз-ўзидан тарқамайди
Мақола аввалида таъкидлаганимиздек, бугун томоғимизни қираётган, кўзимизга яққол ташланиб турган бу хира кулранг парда шамол эсиши ёки ўз-ўзидан мўъжиза рўй бериши билан тарқалиб кетмайди.
Рақамлар ва ҳаво таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, муаммонинг ечими кимнидир айбдор қилиб кўрсатиш билан ҳал бўлмайди. Иссиқхоналардаги мўрилар, саноат заводлари, эски автомобиллар тутуни ва бетартиб қурилишлардаги чанг.. Буларнинг ҳар бири билан алоҳида, аммо тизимли ва қатъий курашмасак, аҳвол ўзгармайди.
Аҳолининг, оддий одамларнинг эса талаби жуда ҳақли ва ҳаётий. Кўчага чиққанда осмоннинг асл рангини кўриш ва тоза ҳаводан нафас олиш. Бизга қоғоздаги ҳисоботлар эмас, реал натижа керак. Зеро, мусаффо осмон учун бугун реал амалга оширилган ҳар бир қадам эртага оладиган тоза нафасдир.
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА,
ЎзА мухбири