Ҳаво мусаффолиги йўлидаги экологик назорат
Юртимизда ўтказилаётган “Тоза ҳаво” ойлиги доирасида Андижон вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида жойларда ҳаво ифлосланишининг олдини олишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Булоқбоши туманида ташкил этилиб, унда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг экологик ҳолати назоратдан ўтказилди.
Инсонларнинг соғ-саломат юришида она табиатимиз покизалиги, биз нафас олаётган ҳавонинг мусаффолиги, шу билан бирга, соғлом турмуш тарзи муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам, юртимизда ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.


Булоқбоши туманида ўтказилган назорат тадбири давомида атмосфера ҳавосига меъёридан ортиқ зарарли моддалар чиқараётган автотранспорт воситалари аниқланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Мазкур тадбирларнинг асосий мақсади, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли моддалар ташламаларни камайтириш ҳамда ҳудудда аҳоли учун қулай ва тоза ҳаво муҳитини яратишга кўмаклашишдан иборат.


Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири