Хавфсизликни таъминлашда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда фавқулодда вазиятлар соҳасини ривожлантириш: хавфсизлик, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва рақамли технологияларни жорий этишнинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов очиб, анжуман мавзусининг долзарблиги, фавқулодда вазиятлар соҳасини илмий асосда ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш масалаларининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, анжуманда сўзга чиққанлар томонидан хавфсизликни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фавқулодда вазиятлар соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда соҳада илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш масалалари юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Мавзу доирасида таклиф ва тавсиялар илгари сурилиб, иштирокчилар билан фикр алмашилди. Анжуман доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг Илмий-инновацион тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўлими илмий ходими, катта лейтенант Шерали Мустақимов томонидан замонавий илмий-инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқилган учувчисиз учиш аппарати, шунингдек, унинг илмий ишланмалари ва ихтиролари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тақдимот давомида замонавий технологияларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мониторинг қилиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш жараёнларидаги имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Анжуман якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилиб, мавзу юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА