“Хавфсиз ва соғлом юрт”: 395 дона совуқ қурол муомаладан чиқарилди
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш бугун ички ишлар органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида “Тиғ” махсус профилактик тадбирлари изчил амалга оширилмоқда. Вилоят ИИББ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтган саккиз кун давомида ўтказилган рейдлар чоғида кўча ва жамоат жойлари, аҳоли гавжум ҳудудлар ҳамда бошқа манзилларда ўткир тиғли ашёларни ноқонуний равишда олиб юрган 389 нафар шахс аниқланди.

Улардан жами 395 дона совуқ қурол ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, муомаладан чиқарилди. Олиб қўйилган ашёларнинг 307 тасини пичоқ, 66 тасини кастет, 8 тасини бита ташкил этади. Қолган 14 таси эса бошқа турдаги ўткир тиғли жисмлардан иборат.

Бундай профилактик тадбирлар нафақат ноқонуний равишда совуқ қурол олиб юриш ҳолатларини аниқлаш, балки турли низо ва жанжаллар оқибатида оғир тан жароҳати етказилиши ёки бошқа оғир жиноятлар содир этилишининг олдини олишга ҳам хизмат қилмоқда. Бу эса жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини кафолатлашда муҳим аҳамиятга эга.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни қонунга хилоф равишда олиб юриш қонунчиликка асосан тақиқланган. Шу муносабат билан ички ишлар органлари фуқароларни қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга, жамоат жойларида совуқ қурол ва ўткир тиғли ашёларни олиб юрмасликка чақиради.
Айни пайтда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари барча шаҳар ва туманларда кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА.