Хавфсиз келажак ёшлар тарбиясидан бошланади
Бугун ёшлар онги учун кураш тобора кучайиб, ахборот маконида турли таҳдидлар авж олаётган шароитда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бутун жамиятнинг устувор вазифасига айланмоқда. Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган жамоатчилик эшитувида мазкур масаланинг ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.
Гулистон шаҳридаги Ахборот-ресурс марказида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда партиянинг Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан "Ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш" мавзусида жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Муҳокамалар давомида мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб таълим олиши ва касб эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, айрим ҳуқуқбузарлик ҳолатлари профилактика ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшлар билан ишлашда манзилли ёндашувни кучайтириш ҳамда жамоатчилик назоратини янада самарали йўлга қўйиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов ҳамда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш жиноятчилик профилактикасининг энг самарали омилларидан бири эканини таъкидладилар.

Эшитувда жиноятчиликка қарши курашиш унинг оқибатларини бартараф этишдан эмас, аввало келиб чиқиш сабабларини бартараф этишдан бошланиши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан тақдим этилган таҳлиллар ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, ҳар бир маҳалла ва таълим муассасасида манзилли профилактика ишларини изчил ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатди.

Муҳокамаларда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган зарарли ахборотлар, турли ёт ғоялар ва виртуал таҳдидлар ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Шу боис уларда ахборот истеъмоли маданиятини, танқидий фикрлаш кўникмасини ҳамда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида баҳоланди.


Шунингдек, ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш, спорт ва маданий-маърифий тадбирларга кенг қамраб олиш ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланди. Зеро, ўз мақсадига эга, билимли ва банд ёш турли салбий таъсирларга камроқ мойил бўлади.
Муҳокамаларда оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги ёшлар тарбиясининг мустаҳкам таянчи сифатида эътироф этилди. Таъкидланганидек, фарзанд тарбияси учун масъулиятни биргина таълим муассасаси ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган зиммасига юклаб бўлмайди. Бу — давлат ва жамиятнинг умумий вазифасидир.

— Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир,- дейди тадбирни олиб борган Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Норбобо Соатов. — Бунинг учун оила, маҳалла, таълим муассасалари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари бир мақсад йўлида ҳамжиҳатликда фаолият юритиши зарур. Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш ҳамда уларни турли ёт ғоялар ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Ҳар бир ёшнинг билимли, ватанпарвар ва масъулиятли шахс бўлиб камол топишига хизмат қилиш орқалигина мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти ва хавфсиз келажагининг мустаҳкам пойдеворини ярата оламиз.

Тадбир якунида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни манзилли ташкил этиш, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг муаммоларини эрта аниқлаб, уларга амалий ечим топиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ғулом ПРИМОВ, ЎзА мухбири