Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфли объектларда саноат хавфсизлиги бошқарув тизимининг аудити жорий этилади

Кейинги йилларда саноат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Янги саноат тармоқларининг ривожланиши, юқори хавфли технологияларнинг жорий этилиши, шунингдек, авариялар ва бахтсиз ҳодисалар таҳлили мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва замон талабларига мос равишда қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда.

Шу муносабат билан хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва потенциал хавфли объектларнинг саноат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, амалдаги 2006 йилда қабул қилинган қонун тўлиқ янгиланмоқда.  

Ушбу қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг мажлисида муҳокама қилинди.  

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси амалдаги қонундан фарқли равишда инсон ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит ёки фуқароларнинг моддий бойликларига зарар етказадиган потенциал хавфли объектлар тушунчалари, яъни, лифтлар, юк кўтариш механизмлари, эскалаторлар, шамол электр станциялари, аттракционлар қонун предметига киритилган. Саноат хавфсизлиги соҳасида давлат органлари ва соҳа субъектларининг ваколатлари белгиланмоқда.

[gallery-28200]

Қонун лойиҳасида хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги бошқарув тизимининг аудитини жорий этиш таклиф этиляпти. Мазкур аудит орқали корхоналарда саноат хавфсизлиги бошқарув тизимининг белгиланган талабларга мувофиқлиги баҳоланиб, нохуш ҳодисалар ва аварияларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлиги таҳлил қилинади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан механизмлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, лойиҳада хавфли ишлаб чиқариш объектлари ёки потенциал хавфли объектларда саноат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш устидан жамоатчилик назорати институти мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, суғуртага оид нормаларни янада такомиллаштириш ҳам назарда тутиляпти. Хусусан, хавфли ишлаб чиқариш объектида авария содир бўлган тақдирда фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта суммаларининг энг кам миқдорлари белгиланиши таклиф этилмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши саноат хавфсизлигига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, хавфли ишлаб чиқариш объектлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи субъектларнинг масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,  

Носир Ҳайдаров (сурат),  

ЎзА