Хатирчида кузги бошоқли дон экиш бошланди
Навоий вилоятида кузги бошоқли дон экишга ерларни тайёрлаш ва фермерларга зарур тавсиялар бериш мақсадида кўргазмали амалий семинарлар ўтказилмоқда.
Хатирчи туманининг “Ойдин Юлдуз порлоғи” фермер хўжалигида ўтказилган семинарда туман ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича масъуллар ҳамда ҳудуддаги фермер хўжалиги раислари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси туман бўлими ходимлари иштирок этди.
Тадбирда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экишга ерларни конверт усулида тайёрлаш, уруғлик донни танлаш, ер майдонларини азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари ўз вақтида олиб борилиши алоҳида таъкидланди.

Хатирчида жорий йил 11 228 гектар майдонга бошоқли доннинг “Аср”, “Дружба”, “Крошка”, “Васса”, “Гром”, “Давр”, “Ўзбекистон 25” навлари экилиши режалаштирилган.
– Туман бўйича 5 дона дон экиш сеялкалари мавжуд бўлиб, улар соз ҳолатда, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими инспектори Алишер Ашуров. – Фермерлар билан учрашиб, кузги бошоқли дон экиш тадбирларини кечиктирмай, ўз муддатида ва сифатли ташкил этиш бўйича тавсиялар бериб келмоқдамиз.
Тумандаги “Ойдин Юлдуз порлоғи” фермер хўжалигининг 42,8 гектар ер майдонига дон экилиши мўлжалланган. Шу куни фермер хўжалигининг 11 гектар майдони текисланиб, доннинг “Аср” навидан экилди.
Маълумот учун туманда дон экиш тадбирларини 25 сентябргача якунлаш кўзда тутилган.
Зулфия Бобоева,
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси
матбуот хизмати раҳбари
ЎзА