Хатирчида "HUMO" бренди остида ун ишлаб чиқарилмоқда
Навоий вилояти Хатирчи туманидаги "Кичик саноат зонаси"да «DYNAMIC ELECTRONICS» МЧЖ томонидан ун ва омухта ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.
Қарийиб 1 гектар майдонда барпо этилган иннавацион ишлаб чиқариш корхонасида олти ой давомида қурилиш, ускуналарни ўрнатиш, монтаж ишлари амалга оширилди ҳамда Туркия ва Хитой давлатларидан келтирилган замонавий қайта ишлаш технологиялари ўргатилди.

Уч қаватдан иборат ишлаб чиқариш линиясида тозалаш, майдалаш, фильтрлаш ва қадоқлаш каби жараёнлардан ўтиб хом ашё юқори сифатга эга ун маҳсулотига айланади. Бундан ташқари, корхонада иккита омбор мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири 10 тоннадан буғдойни бир хил ҳароратда сақлашга мўлжалланган.

Ҳозир бу ерда "HUMO" бренди остида кунига 60 тонна сифатли ун ишлаб чиқарилиб маҳаллий бозорга етказиб берилмоқда.
9,5 миллиард сўм маблағ сарф этилган корхонада хатирчилик 60 нафар ишсиз фуқаролар иш билан таъминланди.
Абдували Бўриев,
ЎзА