Ҳасанбой Дўсматов ва 4 нафар боксчи қизимиз чорак финалда
Иорданияда бокс бўйича давом этаётган қитъа чемпионати кутилган ва кутилмаган натижаларга бой бўлмоқда.
Кутилгани, кеча ўтказилган жангларда Рио олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов 51 килограммда таиландлик Панмот Титисанни 5:0 ҳисобида қийинчиликсиз мағлуб этди. 60 кило оғирликдаги вакилимиз Адҳамжон Муҳиддинов филиппинлик Баскон Жулиферни 1-раунддаёқ техник нокаутга учратган бўлса, 57 килограммда ғолиблик йўлида дадил одимлаётган истеъдодли боксчимиз Абдумалик Халаков қитъа чемпионатидаги иккинчи жангида ироқлик Жасим Муҳаммадни катта устунлик эвазига томошабинлар сафига кузатиб қўйди.
Кутилмагани, қитъа чемпионатида илк бор иштирок этган Асилбек Жалилов 48 килоли боксчилар орасидаги биринчи жангида қозоғистонлик Санжар Ташкенбайга имкониятни бой бериб қўйди.

Худди шунингдек, 71 кг вазнли Ҳавасбек Асадуллаев ва мўғулистонлик Бямба-Ердене Отгонбаатар ўртасидаги мураккаб ва тенг курашли баҳсда ҳакамлар 2:3 кўринишида жангни мўғулистонлик боксчи фойдасига ҳал этди.
Бугун, 5 ноябрь куни терма жамоамизнинг 5 нафар аъзоси чорак финал баҳсларига киришади.

Унда Ҳасанбой Дўсматов бутанлик Тензин Дрюгел билан рўбарў келса, боксчи қизларимиздан Феруза Казакова 52 килограммда мўғулистонлик Алтанцецег Луцаихан билан, Нигина Ўктамова 54 килода таиландлик Житпонг Жутамас билан, Ситора Турдибекова 57 килограммда ҳиндистонлик Прити билан ҳамда Мавлуда Мавлонова 70 кило оғирликда таиландлик Маникон Баисон билан кеинги босқич масаласини ҳал қилишади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА