Ҳарбийларга янги уйлар топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятининг қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм бўлинмасининг капитал таъмирланган бино ва иншоотлари ҳамда ҳарбий оилалар учун 16 хонадондан иборат 2 қаватли янги хизмат уйи фойдаланишга топширилди.
Жиззах вилояти ва Фориш тумани ҳокимлиги масъуллари, секторлар раҳбарлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокидаги маросимда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари учун муносиб шароит яратилиб берилаётгани таъкидланди. Давлатимизнинг бу ғамхўрлиги тинчлигимиз посбонлари бўлмиш ҳарбийларнинг жанговар, руҳий тайёргарлигини янада оширишга хизмат қилади.
[gallery-19455]
– Биз, ҳарбий хизматчилар бўлган эътибор, яратиб берилаётган шароитлардан мамнунмиз, - дейди ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси, кичик сержант Бекзод Мўминов. – Янги яшаш хонадонимиз хизмат жойимизга яқин. Энди бемалол, кўнглимизни тўқ қилиб, ўз йигитлик бурчимизни адо этишда давом этамиз.
Шундан сўнг иштирокчилар хизмат уйига қўшимча равишда барпо этилган болалар майдончалари, сунъий қопламали мини футбол майдони, ҳарбий қисм бўлинмасидаги 20 ўринли қисқа муддатли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиалида яратилган қулайликлар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оиласини иш билан банд қилиш ва уларни фойдали меҳнатга жалб этиш мақсадида ташкил этилган мўъжазгина тикув цехи фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбир давомида ҳарбий қисм бўлинмасининг капитал таъмирдан чиқарилган маъмурий биноси, сержант ва аскарлар ётоқхонаси, ювиниш хоналари, ошхона, савдо дўкони, кутубхона, ўқув ва спорт заллари ҳарбийлар ихтиёрига топширилди.
Бундан ташқари, хизмат ҳайвонлари, ҳарбий техника ва транспорт воситаларини сақлаш жойлари ҳам талаб даражасида таъмирдан чиқарилганлиги барчани қувонтирди. Эътиборлиси, ҳарбий шаҳарчани барпо этишда яшил энергияни яратиш ишлари алоҳида инобатга олиниб, ҳудудда қуёш батареялари ўрнатилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА