Ҳарбийларга байрам туҳфас
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан Жалақудуқ туманида чегара қўшинлари взводи учун маъмурий бино ҳамда ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган хизмат уйлари фойдаланишга топширилди.
Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан миллий армиямизнинг жангавор салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари янги барпо этилган, зарур талаблар асосида жиҳозланган, замонавий взвод маъмурий биноси, шунингдек, ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган хизмат уйи, мавжуд инфратузилма объектларида яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишди.


Янги уйнинг кенг ва ёруғ хонадонларида яшовчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, алоҳида иситиш тизими, уй олдида спорт ва болалар майдончаси, суҳбатгоҳлар барпо этилган.
Юртимизда амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларига бўлган юксак эътиборнинг юксак намунаси бўлиш билан бирга, ҳарбий хизматчиларни Ватанга садоқат билан хизмат қилишга чорлайди, миллий армиямиз жанговар салоҳиятини юксалтириш ва мамлакатимиз сарҳадлари ҳимоясига бўлган масъулиятни янада оширади.



Янги барпо этилган маъмурий бино ва хизмат уйлари ҳарбий хизматчилар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири