Ҳарбий хизматчилар фарзандларига тавсияномалар топширилди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида вазирлик тизимидаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномаларни топшириш тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходимлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, тизим фахрийлари, вазирлик тизимидаги ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, профессор-ўқитувчилар, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар тавсиянома соҳибларига билдирилаётган юксак ишонч юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва Ватан тараққиёти йўлида фидойилик билан хизмат қиладиган етук, билимли ҳамда ватанпарвар ёшларни тарбиялашга хизмат қилишини алоҳида эътироф этишди.

Шунингдек, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига кўрсатилаётган юксак эътибор алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида ёшларнинг келгусидаги ўқиш ва фаолиятларига улкан зафарлар тилаган ҳолда тавсияномалар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу тадбир янги Ўзбекистонда инсон қадри, ижтимоий адолат ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида олиб борилаётган давлат сиёсатининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА